Тожикистон уламолари кенгаши раҳбари, муфтий Саидмукаррам Абдулқодирзода фуқаролардан бирининг саволига жавоб бериш асносида бокс ва яккакураш, қоидасиз жангларни шариатга буткул зид, ҳаром эканини таъкидлади. Муфтийнинг айтишича, бу спорт турлари инсонни ногирон қилиб қўйиши, саломатликни издан чиқариши шариат талабларига умуман жавоб бермаслигини, ҳақиқатан ҳаром эканини тасдиқлайди. Муфтий шу ўринда пул эвазига ташкил этиладиган барча спорт турлари ҳаром эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.
— Ёшларимиз спортнинг стандарт, саломатликка зиён етказмайдиган, пул тикилмайдиган турлари билан шуғулланишлари керак, — деди муфтий. — Шунда нафақат жисмонан, балки руҳан пок бўлишади.
Аралаш яккакураш, қоидасиз жангларнинг Тожикистон номидан вакиласи ҳисобланмиш Зуҳра Холова бу фикрларни қатъиян рад этиб, спорт турлари орасида ҳаром дейишга арзийдигани йўқ эканини айтиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, яқинда худди шу муфтий Рогунск ГЭС қурилишида тер тўкаётган ишчиларнинг рўза тутмасликлари масаласида фатво эълон қилди. Бу фатводан кейин интернет сайтларида жуда кўпчилик Ислом динида бундай фатво қабул қилинмаслигини баён этишди.
ca-news. org