Ўзбекистон Республикаси Президентининг аҳолини арзон нархларда сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш зарурлиги тўғрисидаги топшириғини бажариш мақсадида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида АИ-92 русумли бензин нархини босқичма-босқич пасайтириш ишлари олиб борилмоқда. Бу “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ёнилғи бозори барқарорлигини қўллаб-қувватлаш ва мамлакат аҳолисини юқори октанли бензин маҳсулотлари билан таъминлашни оширишга қаратилган кенг стратегиясининг бир қисмидир.
Ушбу стратегия доирасида ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштириш ва таннархни камайтиришни ўз ичига олган қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу чора-тадбирлар юқори сифатли бензин ишлаб чиқариш ҳажмини барқарор сақлаш ва унинг таннархини пасайтиришни таъминлашга қаратилган.
АИ-92 бензинини биржа савдолари орқали сотиш бошланди. Бу эса нархларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва ёнилғи тақсимлаш тизимида шаффофликни ошириш имконини беради. Ушбу чора якуний истеъмолчилар учун янада қулай нархларни таъминлаш орқали бозорга ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 108-сонли “Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан жорий йилнинг 18 октябридан бошлаб нефть маҳсулотлари нархлари Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи расмий bnpz.uz сайтида эълон қилинди.