Дунёда ўта кўп ўлчовли қашшоқлик шароитида яшаётган одамлар сони 1,2 миллиардга етди. Бу ҳақда БМТ Тараққиёт дастури ва Оксфорд университетининг 2026 йилги ҳисоботида маълум қилинди.
Ҳисоботга кўра, аввалги тадқиқот билан таққослаганда, қашшоқликда яшаётганлар сони 51,5 миллион кишига кўпайган. Уларнинг 617 миллионини болалар ташкил этади. Шунингдек, қашшоқ аҳолининг 83 фоизи қишлоқ жойларда истиқомат қилади.
Тадқиқот дунё аҳолисининг 78 фоизи яшайдиган 108 та мамлакатни қамраб олган. Унда қайд этилишича, қашшоқлик нафақат даромад етишмаслиги, балки очлик, таълим олиш имконияти чеклангани, тоза ичимлик суви ва электр энергияси танқислиги каби муаммолар билан ҳам боғлиқ.
БМТ Тараққиёт дастури раҳбари Александр Де Кру қашшоқликнинг ортиши бутун дунё учун жиддий огоҳлантириш бўлиши кераклигини таъкидлади.
Ҳисоботда қашшоқлар сони кўпайишининг бир қисми аҳоли ўсиши билан изоҳланган. Жорий йилда янги сўровлар ўтказилмаган 95 та мамлакат бўйича аҳоли сонининг янгиланган ҳисоб-китоблари қашшоқлар сонининг тахминий кўрсаткичини 15,8 миллион кишига оширган.
Шу билан бирга, айрим давлатларда қашшоқликни камайтиришга эришилган. Миср, Непал ва Тожикистонда қашшоқ аҳоли улуши ҳам, уларнинг мутлақ сони ҳам қисқарган. Хитойда эса кўп ўлчовли қашшоқликда яшаётган аҳоли улуши 2010–2014 йилларда 9,5 фоиздан 4,2 фоизга тушган.