АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен яқин кунларда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан суҳбатлашмоқчи.
Бу ҳақда у Давлат департаментида журналистларга айтди ва бу уларнинг Россия Украинада махсус операция бошлаганидан кейин биринчи суҳбати бўлишини қўшимча қилди.
Блинкен Лавров билан Россияда ҳибсга олинган америкаликлар тақдири ва Украина дон экспорти мавзусини муҳокама қилмоқчи.
"Мен биз учун устувор бўлган масалани кўтараман. Бу америкаликлар Пол Уилан ва Бритни Гринернинг озод этилиши", - деди у.
Унинг сўзларига кўра, бир неча ҳафта олдин Америка томони Москвага уларнинг озод этилишига ёрдам бериши мумкин бўлган таклиф билан чиққан. Москва ва Вашингтон вакиллари доимий алоқада ва бу таклифни муҳокама қилмоқда.