Бугун 30 ноябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

«Биз нимадан бошлашимиз керак?»

A A A
«Биз нимадан бошлашимиз керак?»

Охирги 30 йил ичида ўзбек жамияти иккинчи бор катта ислоҳотларнинг гувоҳи бўлиб турмоқда. Жамият йиллар давомида устма-уст йиғилиб қолган муаммоларига ечим топиш учун чоралар қидирмоқда. Жамиятнинг кўпчилигини ташкил қиладиган мусулмонлар ҳам, ўз тақдирида ўрнашиб қолган муаммоларни ҳал қилиш, уларга ечим топиш илинжидадир. Ҳамма ҳар томонлама ҳаракат қилаётган экан, хўш мусулмонлар нима қилиши керак? Ислоҳотларни нимадан бошлаши керак? Қаердан бошлаши керак?

“Қаердан бошлаш керак?”, “Нимадан бошлаш керак?” каби саволларга фақат биз бугун дучор бўлганимиз йўқ. Тарихга назар солсангиз, бизнинг миллат ҳам, бошқа халқларнинг ҳам, тарихан мана шундай ўзгаришлар даврига тушиб турган, ҳамда ундан унумли фойдаланиш устида бош қотирганлар. Биргина жадидларни эслашнинг ўзи кифоя.

Хўш, ҳамма ўзгаришни истайди, аммо қаердан бошлаш керак?

Эронлик мутафаккир ва олим Доктор Али Шариъати (1933-1977) ўзининг “Биз нимадан бошлашимиз керак?” деб номланган китобида мусулмонлар жамияти аввалгидек тараққий этиши учун ислоҳотларнинг қаердан бошлаш кераклиги ҳақида қизиқ фикрларни билдирган:

Қаердан бошлашимиз керак?

Анъанавий жамиятларнинг, айниқса мусулмон оламининг умумий фожиаси шундаки, унда оддий халқ билан зиёлилар ўртасидаги дунёқараш кескин фарқ қилиб, икки тараф ўртасида ўзаро алоқа ўрнатилмаган. Оммавий ахборот воситаларининг кенг тарқалганлиги, билим ва саводлилик даражасининг юқорилиги туфайли ривожланган Ғарб давлатларидаги оддий халқ билан зиёлилар бир-бирини яхшироқ тушунадилар ҳамда бир-бирига яқинроқ дунёқарашга эгадирлар. Европада эса, университет профессори “саводсиз” халқ билан бемалол мулоқот қила олади. Профессор ўзини юқори табақада, деб ўйламайди ёки омма уни зодагон сифатида ҳам кўрмайди.

Аввалги исломий жамиятларда ҳам, омма ва уламолар ўртасида катта фарқ бўлмаган. Йирик Ислом уламолари – фақиҳлар, мутакаллимлар, муфассирлар, файласуфлар, адиблар – ҳам диннинг талабидан келиб чиқиб, омма билан аралашиб, уларга яқин бўлиб юрганлар. Баъзи тор доираларда ўзига хос таълим тизимини жорий қилган бўлсалар ҳам, улар омма билан алоқадан буткул узилиб қолишдан қочганлар. Ҳозирги кунда ҳам, омма ва уламо ўртасида шундай алоқалар қисман сақланиб қолган. Бизнинг халқимиз орасидаги, ҳатто кечки таълим ёки махсус курсларни ҳам ўқимаган, саводсизларнинг кўпчилиги йирик олим даражасига етишган уламоларнинг ёнида ўтириб, ўз муаммолари ҳақида бемалол гаплашишлари мумкин. Улар уламолар билан бамайлихотир ўз хоҳишлари, шикоятлари, шахсий ёки оилавий муаммолари, тўлаши керак бўлган фитр миқдори ҳақида гаплашиши ёки бошқа масалаларни сўраши мумкин.

Афсуски, замонавий маданият ва олий таълим тизимида, ёшлар кўринмас ва мустаҳкам ҳимояланган қалъа ичида таълим ва тарбия оладилар. Улар жамиятга қайта қўшилганида, оммадан буткул ажратиб қўйилаган маълум касбий ва ижтимоий мақомга ўрнашадилар. Оқибатда эса, янги зиёлилар омма билан бирга яшаб, бирга турсаларда, хос доиралар учун махсус ёпиқ “тилла қафас” ичида бўладилар. Натижада, зиёлилар бир тарафдан жамият муаммоларининг аслини тушунмасалар-да, баланд қасрлардаги ҳаётни қуришни истайдилар. Иккинчи тарафдан эса, омма айнан мана шу зиёлиларни (билвосита) зиё топишига ва шу даражага етишишига сабаб бўлган бўлса-да, улар олган билим ва зиёдан ўз улушларини олишдан мосуво бўлиб қолади.

Ўз жамиятини қайта қуришни ҳамда жамиятнинг тарқоқ, баъзан қарама-қарши унсурларини ўзаро ҳамоҳанг ҳолатга келтиришни истаган ҳар қандай кишининг олдидаги энг катта масъулият бу икки – назария ва тажриба – қутблари ўртасидаги масофани яқинлаштириш ва зиёлилар ва оддий халқ ўртасидаги мана шу бўшлиқни тўлдиришдан иборатдир. Мафкуравий дунёқарашидан қатъий назар, бирор нарсага эришмоқчи бўлган ҳар қандай оқил маърифатпарвар учун (омманинг наздида) ажойиб, гўзал ва афсонавий бўлган зиёлилар ороли ва оддий одамлар диёри ўртасида, зиёлилар ҳам халқ ҳам ўзаро фойдалана оладиган кўприк ўрнатиш масъулиятдир. “Нимадан бошлашимиз керак?” деган саволга менинг қандай жавоб беришим, сизнинг бу жавобни қабул қилиш ёки қилмаслигингиздан қатъий назар, бизнинг асосий тамойил ва биринчи қадам – мана шу кўприкни қуриш эканлигини тан олишимиз ва кўнишимиздан бошқа чорамиз йўқ.

Доктор Али Шариъати (1971 йил)

Дарҳақиқат, бундан чорак аср олдин Доктор Шариъати биз учун ҳозир ҳам долзарб мавзу – икки қутб ўртасидаги бўшлиқ ҳақида ўринли фикрларни келтириб ўтган.

Ўзбекистонда давлат бошқаруви соҳасида ҳам ислоҳотлар айнан мана шу икки қутб – қонун чиқарувчи ҳокимият (назария) ва уни бажарувчи халқ (тажриба) ўртасида кўприк ўрнатишдан бошлангани қувонарлидир. Ҳокимият вакилларининг “тилла қафас”дан чиқиб, уйма-уй юриб, халқнинг ичига кириб бориши, халқнинг дардини, турмуш тарзини ва уларнинг қийнаб тураётган муаммоларини жойида ўрганиши кераклиги кўп бора раҳбарият томонидан таъкидланди. Шунингдек, оддий одамлар учун ҳукумат доираларига бемалол ўз муаммолари, шикоятлари ҳамда таклифлари билан мурожаат қилиш шароитлари (виртуал қабулхоналар) ҳам биринчилардан бўлиб яратилди ҳамда икки тарафнинг ўзаро алоқасини таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситалари орқали (жонли) мулоқотлар ташкиллаштирилди.

Мусулмонлар ҳам шу жамиятнинг бир (асосий) қатлами сифатида ислоҳотлар фурсатидан тўғри фойдаланиши учун диний соҳадаги ислоҳотларни ҳам айнан мана шу тамойил, яъни мамлакат уламоларининг оддий халқ билан ўзаро алоқа ўрнатишига ва икки тараф ўртасида ўзаро мустаҳкам кўприк ўрнатишидан бошлаш керак, назаримизда. Ўзгача дунёқарашга эга мусулмонларни четлаштириш, бегоналаштириш эмас, балки тинглаш ва бирлаштириш учун ҳаракат қилиши керак. Диний соҳа вакиллари ва зиёлилари“азизлик”, “муқаддаслик” ёки тўй ва маъракалардаги ритуал кўринишдаги мақомини ўзгартириши, ўзини оммадан юқорида кўриб эмас, балки оддий мусулмонлар ҳаётига ва қалбига кириб бориши, уларнинг қийнаб турган масалаларни тинглаши, уларга таҳдид солаётган ва улар унутаётган масалаларини жойида ўрганиши керак бўлади. Шунда диний соҳа ташкилотлари ҳам мусулмонлар жамиятидан ажраб қолган, тор доирадаги зиёлиларга хос, мавҳум ва “афсонавий” ташкилотдан омма учун яқин, севимли ва кундалик ҳаётда муҳим ўрин эгаллайдиган ташкилотларга айланади. Муҳими омма уни тинглайди.

Ана шунда, ҳар қандай ислоҳотлар ўз самарасини беради. Қаердан бошлаш керак? – деган саволга биз албатта зиёлилар ва омманинг дунёқараши ўртасидаги кескин фарқни йўқотиш, бир-бирини осон тушуниши учун икки томонлама алоқа ўрнатишдан, деймиз.

Саид Комил ҲОЛХЎЖАЕВ

Azon.uz

Киритилди: 11:58 21.09.2018. Ўқилди: 1793 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар