Бу ҳужум Сурия жанубида мамлакат янги ҳукумати хавфсизлик кучлари ва друз қуролли гуруҳлари ўртасида юзага келган тўқнашувлардан кейин амалга оширилди.
"Бу — Сурия режимига очиқ сигнал. Биз Дамашқ жанубига қўшин юборилишини ёки друзлар жамоасига нисбатан ҳар қандай таҳдидни қатъий равишда қоралаймиз",— дейилади Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва мудофаа вазири Исраэл Кацнинг оммавий ахборот воситалари томонидан келтирилган қўшма баёнотида.
Кейинроқ Исроил Мудофаа армияси (ЦАХАЛ) зарбалар Дамашқдаги янги президент — Аҳмад аш-Шараа қароргоҳи яқинидаги ҳудудга берилганини тасдиқлади. Исроил томони бу ҳаракатни "огоҳлантирувчи чора” деб атади ва агар друзларга ҳужумлар давом этса, яна ҳам кескинроқ жавоб берилишини билдирди.
Бу орада Сурия расмийлари ўз баёнотида хавфсизлик кучлари фақат тартибни тиклаш учун юборилганини ва улар тўқнашувларда иштирок этмаганини маълум қилишди. Шу билан бирга, Сурия Инсон ҳуқуқларини кузатиш маркази берган маълумотларга кўра, юзага келган қуролли тўқнашувларда 100 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.