АҚШ Президенти Жо Байден ва Япония Бош вазири Фумио Кисида Пномпен шаҳрида ўтаётган Шарқий Осиё саммити доирасида бўлиб ўтган учрашувда Шимолий Кореянинг ракета учириши, Тайвань атрофидаги вазият, Россия – Украина зиддиятини муҳокама қилди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.
“Икки етакчи КХДР ўзининг ноқонуний оммавий қирғин қуроллари ва баллистик ракета дастурларини ривожлантиришда давом этаётганини қоралади. Томонлар Украина билан боғлиқ вазият ҳамда Тайвань оролида тинчлик ва барқарорликни сақлаш масалаларини атрофлича кўриб чиқдилар”, дейилади баёнотда.
Байден ва Кисида, шунингдек, “қоидаларга асосланган иқтисодий тартибни ҳимоя қилиш муҳимлигини” муҳокама қилишди, “Ҳинд ва Тинч океанининг эркин ҳамда очиқ минтақаларида таҳдидларга қарши туриш учун АҚШ –Япония иттифоқини мустаҳкамлаш ва модернизация қилишни” давом эттиришга келишиб олдилар.