АҚШ президенти Жо Байден Россия президенти Владимир Путиннинг Украина атрофидаги вазиятда дипломатия йўлидан бориш ҳақидаги таклифларига рози бўлди. Бу ҳақда Америка етакчиси телемурожаатида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ ва Россия европалик ҳамкорлар ва иттифоқчилар билан биргаликда вазиятни дипломатик йўл билан ҳал қилиш устида ишлаши керак.
«Кеча Россия ҳукумати очиқчасига дипломатияни давом эттиришни таклиф қилди, мен розиман, биз ҳар қандай дипломатик имкониятдан фойдаланишимиз керак», деди Байден.
Киев ва Ғарб давлатлари сўнгги пайтларда Россиянинг Украина чегаралари яқинида «тажовузкор ҳаракатлари» кучайганидан хавотир билдиришган. Москва бу каби айбловларни қайта-қайта рад этиб, ҳеч кимга таҳдид қилмаслигини ва ҳеч кимга ҳужум қилиш ниятида эмаслигини айтиб, «Россия агрессияси» ҳақидаги даъволар Россия чегаралари яқинида НАТОнинг кўпроқ ҳарбий техникасини жойлаштириш учун баҳона сифатида фойдаланилаётганини таъкидлаган.