Германия Суперкубоги учун ўтказилган финал учрашуви якунланди. Дортмунддаги «Дортмунд» стадионида кечган баҳсда «Бавария» маҳаллий «Боруссия»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувни Даниэль Шлагер бошқарди.
28-дақиқада «Бавария» ҳимоячиси Натаниэль Браун ҳисобни очди. Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқада Майкл Олисе мюнхенликларнинг устунлигини оширди.
75-дақиқада «Боруссия» ҳужумчиси Фабиу Силва жавоб голини киритиб, ҳисобдаги фарқни қисқартирди. Бироқ дортмундликлар қолган вақт давомида мувозанатни тиклай олмади. 90-дақиқада «қора-сариқлар» ҳимоячиси Рами Бенсебаини қизил карточка олиб, майдонни тарк этди.
«Бавария» ўтган мавсумда 89 очко тўплаб, Германия чемпиони бўлганди. Шунингдек, мюнхенликлар мамлакат кубогини ҳам қўлга киритган. Дортмунднинг «Боруссия» клуби эса вице-чемпион сифатида Суперкубок баҳсида иштирок этди.
2025-йилги Германия Суперкубоги ҳам «Бавария»га насиб этганди. Ўшанда мюнхенликлар «Штутгарт»ни 2:1 ҳисобида мағлуб қилган.