Сурия президенти Башар Асад 2021 йилнинг 2 май кунигача содир этилган жиноятлар учун умумий амнистия тўғрисидаги фармонни имзолади, деб ёзмоқда «Korrespondent.net».
Пора бериш, расмий ҳужжатларни сохталаштириш, гиёҳванд моддалар савдоси айбловлари билан судланганлар, шунингдек, балоғатга етмаган қонунбузарларга нисбатан амнистия эълон қилинади. Фармон баъзи ҳолатларда жазони енгиллаштиришни ҳам кўзда тутади. Масалан, ўлим жазоси каторгадаги бир умрлик меҳнат билан алмаштирилади. Шунингдек, бир умрлик каторга меҳнатига ҳукм қилинганларнинг жазо муддати 20 йилгача қисқартилади.
Амнистия одамларнинг қурол контрабандаси, давлат тўнтариши, жосуслик ва одамларнинг ўлимига сабаб бўлган терроризмда айбланганлар учун қўлланилмайди.
Қонундан яшириниб келаётганлар ўзини ҳукумат органларига топширса, уларга ҳам амнистия берилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 26 май куни Сурияда президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Сайловда қатнашиш учун 50 дан ортиқ номзод ариза топширган.
Шунингдек, Сурияда биринчи марта аёл киши президентлик сайловида номзод сифатида рўйхатдан ўтди. Associated Press’нинг маълум қилишича, дамашқлик 50 ёшли аёл Фатен Али Нахар президентлик сайловларида қатнашиш ҳақида мустақил равишда қарор қабул қилган. Лекин унинг шахси ҳақида ҳеч қандай батафсил маълумотлар келтирилмаган.