Бугун 17 май, 2025 йил, шанба

O'ZB

Бақара сурасини ўқисангиз…

A A A
Бақара сурасини ўқисангиз…

«Набий алайҳиссалом: «Ҳар нарсанинг саноми – кўзга кўринган жойи бўлади. «Бақара» сураси Қуръоннинг саномидир. Ким ўз уйида кечаси уни ўқиса, ўша уйга уч кеча шайтон кирмайди. Ким уни кундузи ўқиса, уч кун шайтон кирмайди», деганлар».

Имом Доримий ривоят қиладиларки, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

«Ким сураи «Бақара»дан ўн оятни – аввалидан тўрт оят, «Оятул Курси» ва ундан кейинги икки оят ва охиридан уч оятни кечаси ўқиса, ўша уйга шу кечаси шайтон кирмайди», деганлар.

Имом Насаий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Набий алайҳиссалом бир жойга кўп сонли кишиларни юборишдан аввал уларга Қуръон ўқитиб кўрдилар. Улардан ҳар бири Қуръонни қанча билса, шуни ўқиди. Уларнинг ичида энг ёш йигитнинг олдига келиб:

– Эй Фалончи, сен Қуръондан қанча биласан? – дедилар. У:

– Фалон, фалон сураларни ва «Бақара» сурасини биламан, – деди. У зоти бобаракот:

– «Бақара» сурасини биласанми? – деб сўрадилар. Йигит:

– Ҳа, – деди. Набий алайҳиссалом:

– Боравер, сен уларга амирсан, – дедилар…»

Имом Бухорий ривоят қиладилар:

«Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу кечаси «Бақара» сурасини ўқиётган эди. Яқинида оти боғлоғлиқ турар эди. Бирдан от типирчилаб қолди. Қироатдан тўхтаган эди, от ҳам тўхтади. Яна ўқиган эди, от ҳам типирчилади. Ўғли Яҳё яқинида ухлаб ётарди. От босиб олмасин деб, бориб, уни қўлига олди ва бошини осмонга кўтарди. Тонг отгандан сўнг ҳодисани Набий алайҳиссаломга сўзлаб берди. У киши:

– Ўқи, Эй Ибн Ҳузайр, – дедилар. У бўлса:

– Эй Аллоҳнинг Расули, Яҳёни босиб олмасин деб қўрқдим, унинг яқинида эди. Бошимни кўтариб, унинг олдига бордим. Осмонга қарасам, булутга ўхшаш нарса, ичида чироққа ўхшаган нарсалар ҳам бор. Уларни кўрмай деб, чиқиб кетдим, – деди. Набий алайҳиссалом:

– У нималигини биласанми? – дедилар. У:

– Йўқ, – деди. У зоти бобаракот:

– Улар сенинг овозингга келган фаришталар. Агар тонг отгунча ўқийверганингда, одамлар уларга назар солса бўларди. Улар беркинмас эдилар, – дедилар».

Абу Убайд ривоят қилишларича:

«Бир одам намозда «Бақара» ва «Оли Имрон» сураларини ўқиди. Намозини тугатганидан кейин ҳазрати Каъб розияллоҳу анҳу унга:

– «Бақара» билан «Оли Имрон»ни ўқидингми? – дедилар. У:

– Ҳа, – деди. Шунда у киши:

– Менинг жоним тасарруфида бўлган Зот билан қасамки, бу икковида у билан дуо қилса мустажоб бўладиган Аллоҳнинг исми бор, – деди. Ҳалиги одам:

– Менга ўргатиб қўйинг, – деди. Ҳазрати Каъб:

– Йўқ, ўргатмайман, сенга унинг хабарини айтсам, ўзингни ҳам, мени ҳам ҳалок қиладиган дуо қилиб қўймагин, – дедилар».

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида Қудратуллоҳ Аҳмад тайёрлади

 

 

Киритилди: 10:45 28.10.2019. Ўқилди: 9862 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!