Бугун 30 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Ашъарий ва Мотурийдийлар адашганлар…ми?

Ашъарий ва Мотурийдийлар адашганлар…ми?

Бу сарлавҳадаги гап ихтилофчи бемазҳабларнинг ҳозирда кўп тарқалмаган гапларидан бири ҳисобланади. Бемазҳаблар ақийда масаласида бир неча ихтилофни қўзғаганлар. Аммо, ҳозирча бу борадаги ихтилофлари асосан ўзларининг орасида қолиб келмоқда. Бироқ, “ашъарий ва мотурийдийлар адашганлар” деган гап ўта хатарли бўлганидан ва бу масалада бир қанча саволлар келиб турганидан бу масалани ҳам ёритиб қўйишни маъқул кўрдик.

Имом Ғаззолий аҳли сунна ва жамоа ақийдавий мазҳабининг тарихи ҳақида сўз юритиб қуйидагиларни ёзади: «Калом бир илм бўлиб унинг мақсади аҳли суннанинг ақийдасини аҳли бидъатнинг ташвишидан муҳофаза қилиш ва қўриқлашдир. Аллоҳ таоло Ўз бандаларига Ўз пайғамбари тилида ҳақ ақийдани илқо қилди. Унда уларнинг дини ва дунёсининг салоҳи бордир. Шунингдек, унинг ҳақида Қуръон ва хабарлар нутқ қилди. Сўнгра шайтонлар ўз васвасаси ила бидъатчиларга суннатга хилоф ишларни илқо қилди. Улар ўша ишларни гапирдилар ва аҳли ҳақнинг ақийдасини бузмоқчи бўлдилар. Бас, Аллоҳ бир тоифа мутакаллимларни пайдо қилди ва уларнинг ҳимматини тартибга солинган калом ила суннатнинг нусрати йўлида ҳаракатга солди. Шу орқали аҳли бидъатнинг суннатга хилоф равишда чиқарган алдамчиликлари фош қилинади. Ана шундан илми калом пайдо бўлди».

Биз бу гапларга қўшимча қилиб айтамизки, илми калом пайдо бўлган вақтга келиб, ақийдага оид масалаларга аввалги вақтларга ўхшаб фақат Қуръон ва суннатдан далил келтириш билан кифояланиш етмай қолган эди. Қарши тараф ақлий далил ҳам келтиришни талаб қилар эди. Калом масалалари бўйича баҳслар мусулмон оламидаги ўша вақтнинг кўзга кўринган ақийдавий мазҳаблари; аҳли сунна ва жамоа, мўътазилийлар, муржиъийлар, хаворижлар ва шийъалар ўртасида бўлган. Кейинчалик, Аллоҳнинг каломига тегишли баҳслардан, Аллоҳнинг сифатларига, Ислом давлати бошлиғи – имомга оид масалаларга, қазо ва қадар масалаларига ва ҳатто баъзи фиқҳий масалаларга ҳам ўтган. Вақт ўтиб турли халқ ва тоифаларнинг Исломга киришлари билан бирга уларнинг ақийда ва фикрлари ҳам кирди. Шу билан бирга номусулмонлар томонидан Ислом ақийдаларига қарши фикрий ҳужум ва танқидлар ҳам авж ола бошлади. Ана ўша ҳамлалардан Ислом ақийдасини ҳимоя қилиш ва уларга раддиялар қилиш учун илми калом соҳиблари ғайримусулмонлар билан тортишувларни бошладилар.

Бу ишда аҳли сунна ва жамоа уламолари ҳам, мўътазилалар ҳам ва бошқалар ҳам иштирок этдилар. Аввал бу тортишувлар тўғри йўналишда ва бир маромда кетди. Кейинчалик эса, бошқа илм ва соҳаларда бўладигани каби турли бурилишлар ва хатолар юзага кела бошлади. Илми калом бобига бўлган – бўлмаган турли – туман масалалар аралашиб кетди.
Шунингдек, мутакаллимлар орасига ҳам ҳар хил шахслар аралашиб кетди. Натижада, ҳақиқий илми каломни сохтасидан, ҳақни ботилдан ажратиб олиш қийин бўлиб қолди. Ана шундай оғир бир пайтда соф Ислом ақийдасини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиладиган уламолар етишиб чиқдилар. Улар Қуръони Карим ва Суннат таълимотлари асосида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари услубида ақийда масалаларини ёрита бошладилар. Уларга аҳли Сунна ва жамоа номи берилди. Кейинроқ одамларга тушунарли бўлиши учун матнларни таъвил қилишга ҳам мажбур бўлинди. Турли китоблар битилди. Аҳли Сунна ва жамоанинг ақийда бобидаги таълимотлари тўпланиб тартибга солинди. Охири келиб ақийдавий мазҳаб бўлиб шаклланди ва ўз имомларига ҳам эга бўлди. Аҳли сунна вал жамоа исми бундан аввал ҳам бор эди. Аммо кейинроқ юқорида номлари айтиб ўтилган турли фирқаларга муқобил ўлароқ айни шу исм ишлатила бошланди. Аҳли сунна деганда суннатга юрганларнинг йўли ва ҳадисга амал қиладиганлар деган маъноларни кўзда тутилган. Бу борада имом ал-Ашъарий ва ал-Мотуридийлар аҳли Сунна ва жамоанинг ақийда бўйича имомлари деб тан олиндилар. Бу икки имом Ислом оламининг икки тарафида – имом Ашъарий Басралик, имом Мотуридий Самарқандлик бўлса ҳам ва бир – бирлари билан кўришмаган бўлсалар ҳам бир хил ишни бир хил вақтда, бир хил тарзда адо этганлари ҳамда икковларини бирданига аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг имоми деб эътироф қилишини бу мазҳабнинг ақийдаси доимо барча юртларда маълум ва машҳур эканига ёрқин далилдир.

Манбаалар асосида Тошкент шаҳар бош имом-хатиби 

Н. Холиқназаров тайёрлади

Манба: vakillik.uz

Киритилди: 22:20 28.02.2020. Ўқилди: 6328 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!