Россиянинг Absolute Championship Akhmat (ACA) ташкилоти ўзбекистонлик аралаш яккакураш жангчиси (ММА) Бекзод Нурматовнинг вафоти муносабати билан таъзия билдирди. Бу ҳақда лига асосчиси Майрбек Хасиев “Instagram”да маълум қилди.
Нурматов Чеченистон пойтахти Грознийда 4 октябрда ўтган Absolute Championship Akhmat 100 турнирида 36 ёшли россиялик Беслан Исаев билан жангдан кейин инсультга учраб, вафот этган.
“Биз энг қўрққан нарса юз берди. Яқинлари билан қайғудамиз”, деб ёзган Хасиев.
5 дақиқадан 3 раунд ўтган жангда тажрибалироқ Исаев ҳакамлар қарори билан ғалаба қозонди. Ўзбекистонлик спортчида жангдан кейин инсульт юз бериб, у комага тушган. Шифокорлар спортчининг ҳаёти учун 3 кун курашишган, бироқ 7 октябрга ўтар кечаси Бекзод вафот этган. Нурматовнинг жасади 8 октябрда Ўзбекистонга етказилди.
Спортчи 27 ёшда бўлган. У ўз фаолияти давомида 13 та жанг ўтказиб, 11 тасида ғалаба қозонган, 2 тасида мағлубиятга учраган.
Бекзод Ўзбекистон Қуролли кучлари академиясидаги ўқиши вақтидаёқ қўл жанги бўйича жаҳон чемпиони, Жаҳон кубогини қўлга киритган, 3 марта Осиёда тенгсиз бўлган.