Америка Қўшма Штатлари Қозоғистоннинг БМТда Россиянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашидаги аъзолигини тўхтатиб туришга қарши овоз берганидан ҳафсаласи пир бўлди, бироқ мамлакатнинг аввалги резолюциялар бўйича позициясини тушунади, деди AҚШ Давлат котиби ўринбосари Узра Зея Қозоғистон мустақил ОAВлари билан учрашувда, деб ёзади “Орда.кз”.
AҚШ Давлат котиби муовини Узра Зеянинг пойтахт расмийлари билан учрашувларида “Украинага шафқатсиз ва асоссиз босқин” энг муҳим масалалардан бири бўлди. Қўшма Штатлар барча демократик давлатлар демократия ва Украина ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишига умид қилмоқда.
“Биз Нур-Султондаги олий мансабдор шахсларнинг Украинадаги вазият ва бу давлатнинг ҳудудий яхлитлигига ҳурмат намоён бўлиши ҳақидаги сўнгги баёнотларини эшитиб хурсанд бўлдик. Биз Қозоғистон ҳукумати томонидан Украина халқига кўрсатилаётган инсонпарварлик ёрдамини ҳам юксак қадрлаймиз. Биз БМТ резолюциялари бўйича олдинги овоз беришда Қозоғистон позициясига хайрихоҳ эдик, бироқ Россиянинг Инсон ҳуқуқлари кенгашидаги аъзолигини тўхтатиб қўйишга қарши овоз беришдан ҳафсаламиз пир бўлди. Лекин нима қилишимиз мумкин? Ўйлайманки, биз Қозоғистон ҳукумати билан очиқ ва ҳалол муҳокама қилишда ва Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш доирасида яратилган турли платформаларда ҳамкорликда ишлашда давом этишимиз мумкин”, — деди Узра Зея Орда.кз мухбири саволига жавоб берар экан.
AҚШ Давлат котиби ўринбосари “Россия сиёсатчилари Қозоғистон суверенитети ҳақида тез-тез камситувчи сўзларни айтишади”, деб таъкидлади.