Ўтган "супер сешанба" бўлажак сайловларда Дональд Трампнинг рақиби ким бўлишига ойдинлик киритмади. Бугунги кунга келиб пойга етакчиси Жо Байденга 453 нафар делегат тўғри келса, кейинги ўринда бораётган Берни Сандерсда 382 та овоз бор. Номзодлар умумий 3979 делегатнинг камида 1991 нафар овозига эга бўлишлари лозим. Элизабет Уоррен расман сайлов кампаниясини тугатди.
Бу йилги сайловолди кампаниянинг қизиқ томонларидан бири - жиддий кураш олиб бораётган номзодларнинг 70 ёшдан ошганлигига, геронтократия (ёши катта кишиларнинг ҳокимиятга келиши)га кўплар эътибор қаратмоқда. "Ёшроқ" Байден 77 ёш бўлса, Сандерс 78 ёш, Трамп эса "бор йўғи" 73 ёш. Таҳлилчилар фикрига кўра, нафақат Демократик партия чуқур инқирозни бошдан кечиряпти, балки АҚШнинг сиёсий ҳаётининг қатор соҳаларида буни сезиш мумкин. Ҳатто Дональд Трампнинг президент этиб сайланиши ҳам бунга далилдир. Сиёсий истеблешмент сафидан чиқмаган Трампга ўз партиядошлари ҳам тўла ишонч билдиришмайди.
Бундан ташқари Конгрессга сайланадиган сенаторларнинг ҳам ўртача ёши тобора катталашиб кетаётганини эътироф этмоқдалар. Ёши улуғлашгани сайин инсоннинг руҳий, жисмоний ва физиологик ҳолатларининг салбий тарафга қараб ўзгариши, инсон хотирасининг пасайиши, бир вақтнинг ўзида мия кўп маълумотни қайта ишлай олмаслиги каби бир нечта омиллар АҚШ сиёсатчиларининг муҳим қарорлар қабул қилишида оқсаши эҳтимоли чўчитмоқда.
Катта ёшдагиларнинг ягона ютуқ томони - бу йиллар давомида тўпланадиган мулоҳазакорлик ва тажриба саналади. Бироқ Брукингс институти ўтказган тадқиқотга кўра, АҚШ президентлиги амалиётида "энг муҳим омил" саналувчи сиёсий тажриба тўсиқ (liability) бўлиб келган. Мисол учун 1960-2012 йиллардаги номзодларнинг тажриба даражасини кузатганда, сайловларда ютқизган номзодлар бой тажрибага эга бўлган ва, аксинча, ғолибларнинг сиёсий тажрибаси пасайиш динамикасини кўрсатган. Масалан, Жеральд Форд Жим Картерга ютқизган, Жорж Буш тажрибасизроқ Билл Клинтонга ютқизган, Жон МакКейн мамлакат сиёсатида атиги 4 йиллик тажрибага эга Барак Обамага ютқизган. Д.Трамп эса Оқ уйга ҳеч қандай сиёсий тажрибасиз кириб келган.
Демак бу йил ким президент бўлишидан қатъи назар 70 ёшдан ошган номзод келади. Трампнинг рақиби ким бўлиши 13-16 июльда Милуоки шаҳрида бўлиб ўтадиган Демократик партия съездида аниқ бўлади.
Manba: azon. uz