Жазирама Ню Йорк ва Ню Жерсида фавқулодда ҳолатга сабаб бўлди.
АҚШда 23 июн куни очиқ ҳавода ўтказилган маросимдан сўнг кучли иссиқлик туфайли 150 дан ортиқ киши оғир аҳволга тушди. Бу ҳақда BBC хабар берди. Маросим Ню Жерси штати Патерсон шаҳрида бўлиб ўтган. Шаҳар мэри 100 дан ортиқ одамнинг аҳволи ёмонлашганидан сўнг шаҳарда фавқулодда ҳолат эълон қилган. Ҳудуддаги мактабларда битирув маросимларининг кўпчилиги бекор қилинган, шунингдек, барча очиқ осмон остидаги тадбирларга вақтинча чекловлар жорий этилган.
АҚШнинг ғарбий қисмида бошланган аномал иссиқлик шарқий қирғоқ, шунингдек, Канаданинг Онтарио, Квебек ва Янги Шотландия ҳудудларига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Бир ҳафта давомида 160 миллиондан ортиқ одам кучли иссиқлик таъсирида қолган.
Шимолий Каролина штатида ҳам ўнлаб одамлар иссиқлик туфайли шифохоналарга мурожаат қилган. Камида 41 киши, жумладан, болалар касалхонага ётқизилгани маълум қилинган.
Мутахассислар Шимолий Американинг барча ҳудудларида ҳароратнинг кескин ошиши, айниқса, юқори намлик фонида иссиқлик билан боғлиқ касалликлар хавфи сезиларли даражада ортиши мумкинлигини таъкидламоқда. Айрим шарқий шаҳарларда ҳатто кечаси ҳам ҳарорат +27 даражадан пастга тушмаслиги қайд этилган. Ню-Йоркда 24 июн куни ҳарорат +38 даражани ташкил этган — бу 1966 йилдан бери шаҳарда қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир.