Бугун 28 февраль, 2026 йил, шанба

O'ZB

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши операциясига жаҳон қандай муносабат билдирди?

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши операциясига жаҳон қандай муносабат билдирди?

👉 Буюк Британия ҳукумати мамлакат Исроил ва АҚШ операциясида иштирок этмаганини ҳамда минтақавий можаронинг янада кескинлашуви ва кенгайишини истамаслигини маълум қилди. Британия расмийлари, шунингдек, Яқин Шарқдаги мудофаа имкониятлари яқинда кучайтирилганини таъкидлаб, бу фақат минтақа ҳудудида бўлиб турган фуқароларини ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилганини билдирди.

💬 Эронга ҳеч қачон ядровий қурол ишлаб чиқишга йўл қўйиб бўлмайди ва шунинг учун биз доимо музокаралар орқали ечим топиш саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз, 💬 — дейилади ҳукумат баёнотида.

👉 Германия ҳукумати Берлин Исроил томонидан Эронга зарбалар тайёрланаётгани ҳақида олдиндан хабардор қилинганини маълум қилди. Мамлакат ҳукумати вакилининг айтишича, канцлер Фридрих Мерц воқеалар ривожини диққат билан кузатмоқда ва европалик ҳамкорлар билан алоқада. Келаси ҳафта Вашингтонда Мерцнинг Дональд Трамп билан учрашуви бўлиб ўтиши кутилмоқда.

👉 Россия «БМТга аъзо бўлган суверен ва мустақил давлатга қарши олдиндан режалаштирилган ва ҳеч қандай сабабсиз қуролли тажовуз акти»ни қоралади.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ ва Исроил операциясини «беҳафсала қадам» ва «хавфли саргузашт» деб баҳолаб, бу халқаро ҳуқуқ меъёрларини бузишини таъкидлади. Вазирлик фикрича, АҚШ ва Исроил «ўзларига бўйсунмаган, куч ишлатиш диктати ва гегемонияга бўйсунишдан бош тортган давлатнинг конституциявий тузумини ағдариш ва раҳбариятини йўқ қилиш»ни мақсад қилган.

👉 Франция президенти Эммануэль Макрон БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғилишини чақиришга чақирди. Унинг сўзларига кўра, Теҳрон «халол музокаралар»ни бошлаш ва ядровий қурол ҳамда қитъалараро баллистик ракеталар дастуридан воз кечишдан бошқа йўл қолмаганини англаши керак.

👉 Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар ҳамда минтақанинг бошқа расмий вакиллари билан мулоқот ўтказганини билдирди. Унинг айтишича, Европа Иттифоқи араб ҳамкорлар билан биргаликда можарони дипломатия орқали ҳал этиш имкониятларини ўрганмоқда.

👉 Италия бош вазири Жоржа Мелони офисида Эрон фуқаролик аҳолиси билан ҳамжиҳатлик билдирилди. Италия эронликларнинг фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларига ҳурмат кўрсатилишини талаб қилмоқда.

👉 Швейцария ҳукумати зарбалар ҳақидаги хабарлардан «чуқур ташвишда» эканини маълум қилди. Мамлакат расмийлари можарога жалб этилган томонларни халқаро ҳуқуққа тўлиқ риоя қилиш ва энг юқори даражада вазминликка чақирди. Шунингдек, фуқаролик аҳолисини ҳимоя қилиш заруратига алоҳида эътибор қаратилди.

👉 Австралия бош вазири Энтони Албанезе мамлакати «эзилишга қарши курашаётган жасур Эрон халқи» билан ҳамжиҳат эканини билдирди. Шу билан бирга, у Эронда ядровий қурол пайдо бўлишининг олдини олиш бўйича АҚШ саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади.

Киритилди: Бугун 18:05. Ўқилди: 909 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!