АҚШ ҳарбийлари Эрон томонидан учирилган деб даъво қилаётган ракеталар ва дронларни ушлаганидан сўнг, Кешм оролидаги ер усти бошқарув иншоотига зарба берди.
Бу ҳақда АҚШ Марказий қўмондонлиги баёнотида айтилган.
Қўмондонликнинг таъкидлашича, АҚШ кучлари 2 июнь куни Яқин Шарқда содир бўлган воқеа пайтида бир нечта баллистик ракеталар ва учувчисиз учиш аппаратларини ушлаган.
CENTCOM маълумотларига кўра, Эрон бешта ракета отган, аммо уларнинг ҳеч бири нишонга етмаган. АҚШ ҳарбийлари шунингдек, учта дронни йўқ қилганини даъво қилишган.
Кейинчалик АҚШ Қешм оролидаги ер усти бошқарув иншоотига зарба бериб, ўз ҳаракатларини ўзини ҳимоя қилиш деб атаган. Эрон ҳали АҚШ қўмондонлиги баёнотига расман изоҳ бермади.
Ўз навбатида, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси АҚШнинг Қешм оролидаги Эрон ҳарбий иншоотига қилган зарбаларига жавобан АҚШ денгиз флотининг Баҳрайндаги Бешинчи флоти штаб-квартирасига, шунингдек, минтақавий давлатдаги Америка авиабазасига ракета ва дрон ҳужумларини амалга оширди.
Шунингдек, корпус Ҳормуз бўғози яқинида Эрон нефть танкерига қилинган зарбага жавобан АҚШга қарашли кемага ҳужум қилгани таъкидланди.
АҚШ Марказий Қўмондонлиги (CENTCOM) Қувайтдаги АҚШ кучларига қарши Эрон дронларининг ҳужумларини муваффақиятли қайтарди.
"Қувайтдаги АҚШ кучларига ҳужум қилишга уринган Эрон дронларининг яна бир тўлқини мўлжалланган нишонларга ета олмади. Марказий Қўмондонликнинг ҳаво мудофааси бир нечта дронларни муваффақиятли уриб туширди", дейилади қўмондонликнинг Х саҳифасида.
АҚШ ҳарбий хизматчиларидан ҳеч бири жароҳат олмади.