АҚШ давлат котиби Марко Рубио апрель ойида Покистонда ўтказилган АҚШ–Эрон музокаралари вақтида Теҳроннинг таклифини қабул қилмаслик тарафдори бўлган. Бу ҳақда NBC News музокаралардан хабардор мансабдорга таяниб хабар берди.
Манбага кўра, музокаралар жараёнида АҚШ делегацияси Эрон томони эҳтимолий келишув шартларини ўзгартираётганидан хавотирга тушган.
«Танаффус вақтида улар Рубиога қўнғироқ қилиб, кейин қандай йўл тутиш бўйича кўрсатма сўрашган. Рубио Эрон таклифини қабул қилиб бўлмаслигига қўшилган», — дейилади хабарда.
Апрель ойида Исломободда АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс бошчилигидаги делегация Эрон вакиллари билан узоқ давом этган музокаралар ўтказган, аммо томонлар якуний келишувга эриша олмаган. Вэнс ўша пайтда АҚШ делегацияси музокаралар давомида Рубио ва бошқа юқори мартабали амалдорлар билан доимий алоқада бўлганини айтган.
NBC News маълумотига кўра, Рубио музокараларнинг оммавий қисмида асосий фигура сифатида кўринишдан қочиб, бу вазифани Вэнс, махсус вакил Стив Уиткофф ва Жаред Кушнерга қолдирган. Шу билан бирга, нашр манбаси уни ёпиқ эшиклар ортида қабул қилинадиган муҳим қарорларга сезиларли таъсир кўрсатувчи амалдор сифатида тасвирлаган.
Апрель музокараларида асосий келишмовчиликлар Эроннинг ядровий дастури ва уран бойитиш масалалари атрофида бўлган. Кейинги хабарларда ҳам мазкур масалалар томонлар ўртасидаги асосий тўсиқлардан бири бўлиб қолгани қайд этилган.