АҚШ Қандаҳор вилоятининг жанубида жойлашган муҳим ҳарбий база назоратини Афғонистон кучларига топширди, дея хабар бермоқда “Америка овози”. Ушбу база халқаро коалициянинг 30 минг аскарини сиғдирган йирик ҳарбий пункт бўлган.
Мудофаа вазирлиги сўзловчиси Фавад Аманнинг маълум қилишича, Қандаҳор аэродроми назорати ҳам Афғонистонга топширилган.
Афғонистонда хизмат қилаётган АҚШнинг 2500 нафар, НАТО кучларининг 7000 нафар аскарлари босқичма-босқич ватанларига қайтмоқда. Бу жараён жорий йилнинг 11 сентябрига қадар тўлиқ якунланади. Хорижий кучларнинг Афғонистонни тарк этишга киришиши 2020 йилнинг февралида Вашингтон “Толибон” билан имзолаган Тинчлик битими доирасида амалга ошмоқда. Шу тариқа, АҚШ ўз тарихида энг узоқ давом этган урушга якун ясашга яқин турибди.
АҚШ кучларини Афғонистондан қайтариш жараёнига 1 май санасидан расман старт берилган. АҚШ Марказий қўмондонлиги 11 май куни берган баёнотга кўра, мамлакатга қайтиш жараёнининг 6-12 фоизи якунланган. Хусусан, 100 дан зиёд юк самолётига сиғадиган ҳарбий техника олиб чиқилган. 1800 га яқин ҳарбий ускуна йўқ қилиш учун топширилган.
“Афғонистондан чиқиш суръати жадвалга мувофиқ амалга оширилмоқда”, – дейди Пентагон матбуот котиби Жон Кирби.
Мухбирларнинг АҚШдан чиқиш жараёнида «Толибон» ҳужум қилмаяптими деган саволига Кирби хуруж минимал даражада ва натижасиз эканини айтган.
АҚШ – «Толибон» Тинчлик битимига кўра, хорижий кучлар Афғонистондан 1 майга қадар чиқиб кетиши керак эди.
Бироқ Жо Байден логистика билан богълиқ муаммолар туфайли белгиланган муддатни узайтиришга қарор қилди. Битим шартининг бажарилмаганидан жунбушга келган “Толибон” ҳужумларни янада кучайтирди.
Жорий йилнинг октябрида 20 йил тўлиши кутилаётган Афғонистон урушида 240 мингдан зиёд одам ҳалок бўлди. Қурбонлар орасида Афғонистон хавфсизлик кучлари аскар ва зобитлари, хорижий кучлар вакиллари, «Толибон» жангарилари ва қарийб 2400 нафар АҚШ ҳарбийлари бор.
Шунингдек, 20 мингдан зиёд АҚШ аскарлари Афғонистон заминида яраланди.
АҚШ ўтган 20 йил мобайнида бу юртдаги миссия учун, барча ёрдамларни қўшиб ҳисоблаганда, 2,4 триллион доллар сарфлаган.