Қўшма Штатлар нафақат Германиядаги ўз қўшинлари сонини қисқартиришга қарор қилди, балки 2024 йилда Байден ваъда қилган "Tomahawk" ракеталарини топширишдан ҳам воз кечди.
Бу ҳақда Politico нашри ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Германияни биринчилардан бўлиб тарк этадиган бўлинмалардан бири — Европага "Tomahawk" қанотли ракеталарини етказиб бериши керак бўлган ихтисослашган қисм бўлади. Нашрнинг ёзишича, эндиликда "бу режа амалда йўққа чиқди", Германия ва иттифоқчилар эса ракеталарсиз мудофаада катта бўшлиқ билан қолмоқда ва уни тезкор тўлдиришнинг имкони йўқ. Чунки Европада масофа жиҳатидан "Tomahawk" ўрнини боса оладиган тўлиқ муқобил қурол мавжуд эмас.
NATO'нинг юқори лавозимли дипломати Европа ҳали ҳам "узоқ масофали зарба бериш воситалари" борасида имкониятлар етишмовчилигини бошдан кечираётганини тан олди. Ушбу ракеталарни жойлаштириш 2024 йилда Байден томонидан ваъда қилинган эди. Бу Россиянинг 2018 йилда Калининградда "Искандер" ракеталарини жойлаштиришига жавобан NATO'нинг ядровий бўлмаган тийиб туриш салоҳиятини кучайтириши керак эди.
Ҳозирда Германия учун мавжуд муқобиллардан бири — парвоз масофаси 500 км бўлган "Taurus" ракеталарини модернизация қилишдир. Берлин бу ракета ишлаб чиқаришни тўхтатган эди, бироқ энди "Taurus Neo" версиясини чиқаришни режалаштирмоқда. Аммо экспертларнинг фикрича, "Taurus" ва "Tomahawk" ўртасидаги фарқ жуда катта.
"Tomahawk" 1600 километргача уча олади. Янги "Neo" версияси масофани 1000 километргача етказиши мумкин, лекин у фақат 2030 йилдан кейин тайёр бўлади. Агар АҚШ ўз тизимларини Германияда жойлаштиришни истамаса, Берлин уларни мустақил равишда сотиб олишга ҳаракат қилиши мумкин.