АҚШ Европадаги ҳарбий кучларини чиқариш жараёнини тезлаштириши ва янгиланган режани НАТОдаги иттифоқчиларига келаси ой тақдим этиши мумкин.
Бу ҳақда Германиянинг Welt am Sonntag газетаси Пентагондаги манбасига таяниб хабар берди. Нашр маълумотларига кўра, Вашингтон ўз таклифларини июнь ойида бўлиб ўтадиган НАТОнинг ҳарбий кучларни тақсимлашга бағишланган конференциясида муҳокама қилишни режалаштирмоқда.
Май ойида АҚШ Германиядан 5 минг нафар ҳарбий хизматчисини олиб чиқишини эълон қилган эди. Ўшанда Пентагон бу жараён 6 ойдан 12 ойгача вақт олишини маълум қилган. Энди эса мазкур муддатлар қисқартирилиши мумкин, аммо ҳозирча аниқ тафсилотлар очиқланмаган.
Айни пайтда Германия ҳудудида тахминан 35 минг нафар америкалик ҳарбий хизматчи жойлашган бўлиб, бу АҚШнинг Европадаги энг йирик ҳарбий контингенти ҳисобланади.