Бугун 23 ноябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

Anthropic 1,5 трлн долларлик баҳолаш билан биржага чиқмоқда

Anthropic 1,5 трлн долларлик баҳолаш билан биржага чиқмоқда

Claude чат-ботини ишлаб чиқувчи ва OpenAI рақобатчиси бўлган АҚШнинг Anthropic компанияси бугун Nasdaq биржасидаги савдоларни бошламоқда. Тарихдаги энг йирик бирламчи оммавий акциялар таклифи (IPO) доирасида компания 81,3 миллиард доллар маблағ жалб қилди. Унинг бозор қиймати қарийб 1,5 триллион долларга баҳоланмоқда. Бир дона акция нархи 83 долларни ташкил этди, савдолар ANT тикери остида амалга оширилади.

Мазкур IPO бутун сунъий интеллект бозори учун жиддий синов бўлмоқда. Акцияларга бўлган талаб таклифдан олти баробар юқори бўлган. Бироқ экспертлар компаниянинг келгуси истиқболлари борасида турлича фикр билдирмоқда.

Morningstar таҳлилчиси бир акциянинг адолатли қийматини 92 доллар деб баҳолаган, бироқ унинг нархи 25 доллардан 188 долларгача ўзгариши мумкинлигини истисно қилмаган. Молия профессори Асват Дамодаран эса энг мақбул сценарийда Anthropic компаниясининг қиймати 1,5 триллион долларга етиши, салбий сценарийда эса 400 миллиард доллардан ҳам кам бўлиши мумкинлигини билдирган.

Асосий савол — компания сунъий интеллектни ривожлантириш учун сарфланаётган улкан маблағларни қоплай оладими? Жорий йилнинг учинчи чорагида компаниянинг тушуми қарийб 17 миллиард долларга етган бўлса-да, операцион зарари 567 миллион долларни ташкил қилган.

Бундан ташқари, Anthropic 2045 йилгача ҳисоблаш қувватлари ва инфратузилма учун тахминан 895 миллиард долларлик харажат мажбуриятини олган. Goldman Sachs баҳолашича, компания барқарор фойдага 2030 йилдан олдин эришиши кутилмаяпти.

Таҳлилчилар Anthropic компаниясининг чекланган миқдордаги йирик мижозларга қарамлигига ҳам эътибор қаратмоқда. 2025 йилдаги умумий тушумнинг қарийб тўртдан бир қисми атиги иккита компания ҳиссасига тўғри келган.

Яна бир хавф — нархлар бўйича рақобатнинг кучайиши. Тобора кўпроқ буюртмачилар арзонроқ сунъий интеллект моделларига ўтмоқда.

Шу билан бирга, Nvidia компаниясини ҳам ўз ичига олган еттита йирик технологик компания Anthropic'га қарийб 26 миллиард доллар инвестиция киритмоқда. Қизиғи шундаки, ушбу инвесторлар бир вақтнинг ўзида компанияга ўз технологиялари ва ускуналарини ҳам сотмоқда.

Киритилди: 16:56 19.11.2026. Ўқилди: 874 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда