Анқара террорчилик ташкилоти "Курдистон ишчи партияси" ўз етакчиси Абдулла Ожаланнинг қуролсизланиш ҳақидаги чақириғини рад этган тақдирда, батафсил ҳаракат режасини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда Hürriyet газетаси ўз манбаларига асосланиб хабар бермоқда.
Нашрнинг маълум қилишича, Ироқнинг шимолий ҳудудидаги Қандил лагерида жойлашган жангарилар қуролларини топширмаса, бу уларнинг Ожаланга бўлган садоқатини шубҳа остига қўяди. Бундай вазиятда, у ташкилотдан очиқ-ошкора воз кечиши ҳамда РПК энди унинг раҳбарлигига бўйсунмаслигини ва чет давлатлар манфаатларини кўзлаб иш юритаётганини эълон қилиши мумкин.
Илгари PKK Имрали оролида умрбод қамоқ жазосини ўтаётган Ожаланнинг чақириғига жавобан ўт очишни тўхтатганини маълум қилган эди. Бироқ партия ўзини тарқатиб юбориш тўғрисидаги узил-кесил қарор фақатгина конгрессда, раҳбарнинг бевосита иштирокида қабул қилиниши мумкинлигини таъкидламоқда.
Анқара эса гуруҳнинг тўлиқ ва сўзсиз қуролсизлантирилишини талаб қилмоқда. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған жараённи чўзишга қаратилган ҳар қандай уриниш келишувларни бузиш деб баҳоланишини ва бундай ҳолатда РПКга қарши ҳарбий операциялар қайта бошланишини таъкидлади.
Hürriyet газетаси хабар қилишича, Туркия бу жараённи амалга ошириш муддатлари ва механизмларини аллақачон белгилаб олган. Кейинги икки-уч ой ичида вазият кузатиб борилади. Агар РПК қуролсизланишга рози бўлса, қуролларни топшириш тартиби ишлаб чиқилади - улар Туркия ва Ироқ ҳукуматларига топширилиши, шунингдек, Туркия ва Сурия маъмурияти назорати остидаги Суриядаги махсус ажратилган ҳудудларга жойлаштирилиши мумкин.