Бугун, 20 август куни Шаҳрихон туманидаги мактаб биносида ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати бу ҳақда маълумот берди.
Ушбу ёнғин соат 15:28 да “Шаҳрихонлик” МФЙ, “Ҳамза” кўчасида жойлашган туман ММТБга қарашли 2-умумий ўрта таълим мактабида содир бўлиб, қўшимча (кўмирхона) бинонинг 30 кв/м майдони том қисми, шу кўчада жойлашган АТБ “Ҳамкорбанк” туман филиали қўшимча биносининг 30 кв/м том қисми ҳамда нотурар бинонинг 5 кв/м том қисми ёнғиндан зарарлангани кузатилган.
ФВБ ўт ўчириш гуруҳи соат 15:32 да (4 дақиқа ичида) мазкур жойга етиб бориб, 15:36 да ёнғинни ўраб олган. Соат 16:14 да эса, ёнғин буткул ўчирилган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар ёки қурбон бўлганлар йўқ.
Биноларнинг умумий 500 кв/м майдони ёнғиндан сақлаб қолинди. Ёнғинни келиб чиқиш сабаблари ва зарарлар аниқланмоқда.