"Тунги клубларда афюн зарралари ҳаво совуткичларининг (кондиционер) устига сепиб қўйилади, кейин ҳавога қўшилган маст қилувчи ҳид клубга кирганларнинг ҳушини ўғирлайди". Бу сўзлар Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликка тегишли. Ёзувчи бу ҳақда «Жиноят ҳақиқати ва адолати» мавзусида бўлиб ўтган Ёшлар пресс-клубида маълум қилди.
Тоҳир Малик ёшларни маънавият ўчоқларига етаклаш йўлида қилинаётган улкан ишлар, китобхонлик танловлари бўлиб турган бир пайтда, бузуқликни тарғиб қилувчи тунги клубларни жамият учун ҳеч қандай кераги йўқ эканлигини ҳам таъкидлади.
– Бундан 15 йил олдин, «Талваса» романини ёзаётганимда, асарим учун тунги клубларга муҳитни ўргангани кирганман. Ўшанда у ерга инсонлар эмас, одам шаклидаги махлуқлар киришига гувоҳ бўлганман. Мен у жойни тунги клуб демасдим, «бузуқлик клуби» деган бўлардим. Ўшанда кўп сирларга ҳам гувоҳ бўлганман. Тунги клубларга кирганлар билади, уни ўзига тортадиган оҳанрабоси бор. Бу нима биласизларми? Афюн. Улар афюн зарраларини ҳаво совуткичларининг (кондиционер) устига сепиб қўйишади. Кейин ҳавога қўшилган маст қилувчи ҳид клубга кирганларни ҳушини ўғирлайди. Тадбиркор ниқоби остида тунги клубларни очиб қўйиб, фалон сўм пул топаётган дўстларим, Президентимиз сизларга яратиб бераётган имкониятларни суистеъмол қилманг. Ҳаром луқмани болангизга едирманг, деган бўлардим. Бизга бундай клубларни умуман кераги йўқ.