Машҳур ҳинд актёри Амитабх Баччан коронавирусга чалиниб, шифохонага ётқизилди. Шунингдек, унинг ўғли, актёр ва продюсер Абхишек Баччанда ҳам коронавирус аниқланган.
“Менинг коронавирусга таҳлилим мусбат чиқди, шу сабабли шифохонага ўтказилдим. Оилам ва ходимларимиз ҳам таҳлиллар топширишди ва натижаларни кутишмоқда. Мен билан охирги 10 кун яқин мулоқотда бўлганлар, илтимос, сиз ҳам таҳлил топширинг!”, деб ёзган 77 ёшли актёр "Twitter’"даги саҳифасида.
Шундан бир неча соат ўтиб 44 ёшли Абхишек Баччан ҳам коронавирусга чалинганини маълум қилган. У ҳам енгил аломатлар билан шифохонага жойлаштирилган. Унинг таъкидлашича, ваҳима қилишга сабаб йўқ.
Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ва барча мухлислар ота-бола актёрларга тезроқ соғайиб кетишни тилаб қолишган.
Аввалроқ Ҳиндистон коронавирусга чалинганлар сони бўйича дунёда АҚШ ва Бразилиядан кейин 3-ўринга чиқиб олгани маълум қилинганди. Охирги маълумотларга кўра, мамлакатда вирусга чалинганлар сони 850 мингдан ошиб кетди, ундан вафот этганлар сони 22 мингдан кўпроқни ташкил қилмоқда.