АҚШ Гренландиянинг Хитойга қарам бўлиб қолишига йўл қўймайди, деди давлат котиби Марко Рубио. Шунингдек, у Данияни оролнинг мустақилликка интилишини тан олишга чақирди.
"Гренландия аҳолиси Даниядан мустақил бўлишни истаётганини аниқ кўрсатди. Дания Гренландия Даниянинг бир қисми бўлишни истамаслигига эътибор қаратиши керак. Биз уларга бу ғояни бермадик, уларнинг ўзлари бу ҳақда кўпдан бери гапиришади. Қачон хоҳлашса - ўша қарорни қабул қилишади. Лекин биз [АҚШ] Хитойнинг ҳозир келиб, уларга [гренландияликларга] Хитойга қарам бўлиб қолишлари учун кўп пул таклиф қилишига йўл қўймоқчи эмасмиз," - деди Рубио Брюсселда бўлиб ўтган НАТО ташқи ишлар вазирлари йиғилишидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ гренландияликларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини ҳурмат қилади, бироқ Хитойнинг фурсатдан фойдаланиб, уларнинг содиқлигини "сотиб олишига" йўл қўймайди.
Президент Трампнинг куч ишлатиш эҳтимоли ҳақидаги сўзларини шарҳлаб, Рубио аниқлик киритди: гап фақат Гренландияни ташқи тажовуздан, хусусан Хитойдан ҳимоя қилиш ҳақида бормоқда.
"Агар Гренландия мустақил бўлишга қарор қилса, АҚШ у билан ҳамкорлик ўрнатишга тайёр," дея қўшимча қилди у.
Илгари Трамп Гренландияни сотиб олишни таклиф этган ва агар Дания орол устидан назоратни топширмаса, савдо божлари билан таҳдид қилганди. Копенгаген ва Гренландия ҳукумати бу таклифни рад этишди.
Гренландия Дания таркибидаги мухтор ҳудуд ҳисобланади. 1951 йилдан буён орол мудофааси бўйича Америка-Дания келишуви амал қилмоқда. Унда Арктикани кузатиш ва эрта огоҳлантириш тизимлари учун муҳим аҳамиятга эга бўлган Питуффик Америка ҳарбий базаси жойлашган.