Бугун 12 август, 2025 йил, сешанба

O'ZB

Акром Малик: "Абдукарим Мирзаевнинг ноҳақ қамалишида бир ҳикмат бор..."

A A A
Акром Малик: "Абдукарим Мирзаевнинг ноҳақ қамалишида бир ҳикмат бор..."

Абдукарим Мирзаевнинг ҳибс этилиши, аввало, жиноятчи бўлмаган бир инсоннинг ноҳақ озорланиши эди. Зотан, инсон эркининг бу шаклда чекланиши зинҳор хайрихоҳ қабул қилинмайдиган ҳолдир. Иккинчидан, бутун бошли миллатга, халққа маърифат нурларини таратиб турган намоянданинг беписандларча бандга солиниши шу халққа қилинган ҳурматсизлик мисоли экан, шубҳасиз. Эрксизлик изтиробини ҳуррият насимидан баҳра олмаган зотлар билмагай, афсус. Балки афсусланмоққа ҳам ҳожат йўқ. Чунки занжирга ўрганган ит учун надомат чекмайдилар-ку.

Абдукарим акамнинг ҳибс этилиш Аллоҳнинг бир ҳикмати эканига зарра шак келтирмаган қалб эрксизликнинг совуқ нафасини бир карра ҳис этгач, бетоқат бўлди. Сўзларимдан кўринган изтироб шуълалари шу бетоқатлик учқуни эди.

Абдукарим акамнинг чиқишидан севиндим. Севинчим ўзимнинг эрким қўлга кирган кундан кўра кўпроқ бўлди. Бир мусулмон ўзига етган озордан кўра биродарига етган озор сабабли озурда бўлар экан, севинчда ҳам мақом шундай бўлса, ажабланмаслик керак. Алишер Навоий ҳазратлари ёзади:

Юз жафо қилса манга, бир қатла фарёд айламон, 

Элга қилса бир жафо, юз қатла фарёд айларам.

("Наводир уш-шабоб", 410-ғазал, 2-байт)

Мазмуни:

Менга юз жафо қилса, бир қатла фарёд айламайман, лекин элга бир жафо қилса, юз қатла фарёд этаман.

Бу бир мўминнинг сифати. Фахр этилмайдиган бир сифат. Чунки бу иймон соҳибларининг ҳар бирида бўлиши ўта табиий бир хусусиятдир, зотан.

Шодлигим шу хоссанинг муқобаласида ўзини яшира олмади, холос.

Аллоҳнинг динида бўлганларни ака-ука деб билган мўмин диндошига санчилган бир тикандан ўн оғриқ туйгани каби унга насиб бўлган бир шодликдан ўн карра кўпроқ севинса, бу унинг  қалбидаги нур, иймонига зийнатдир. Мақтанилмайдиган, ўта табиий қараладиган бир ҳусн, холос.

Қолаверса, қалби ҳассос, ўзи шужо, сўзи зебо миллат ўғлони учун қувонса, Аллоҳга шукрона айтса, арзийди, иншааАллоҳ.

Аллоҳим бир Абдукарим акамни эмас, барча фидойи миллатпарварларни Ўз паноҳида асрасин. Бизларни ҳурлик неъматидан айро этмасин. Кишанланган қалбларни иймон билан эритсин ва эрк самосига олиб чиқсин, юксалтирсин ва тубанликдан сақласин!

Миллатимиз омон бўлсин! Миллатнинг, халқнинг юлдузлари адашмасин. Кибрга берилмасин, ужбга қул бўлмасин, риёдан йироқ яшасин, Ҳақ олдидаги сўроғини, халқ олдидаги масъулиятини зинҳор унутмасин! Амийн...

Зотан, борар жойимиз тупроқ. Умримизнинг ўтиб бориши шамолнинг елишига ўхшайди. Бу шамолнинг тилида охират калималари муттасил эшитилади.

Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Акром Малик

Киритилди: 08:29 14.01.2021. Ўқилди: 4312 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!