Интернетдаги каналлардан бирида Аксилкоррупция агентлиги директорига қайнотаси 1,5 млн долларлик ҳовли ҳадя қилгани ҳақида хабар тарқатилди. Агентлик раҳбари бу ёлғон эканини таъкидлаб, шундай бўлса-да хабарни қайнотасига юбориб қўйганини айтиб ҳазил қилди.
Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов ўзига 1,5 миллион долларлик уй совға қилингани ҳақида хабарларни ёлғон, деб атади.
“Бу ёлғон хабар! Шундай бўлса-да, қайнотамга юбориб қўйдим”, – дея кулган смайл билан пост қолдирди агентлик раҳбари ўз Twitter-саҳифасида.
Telegram'даги каналлардан бирида тарқатилган хабарда Акмал Бурҳоновга қайнотаси 1,5 млн долларлик данғиллама ҳовли совға қилгани, ер остки қисми 2 қават, ер устки қисми 2 қават бўлган уйда 3 нафар хизмат борлиги иддао қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, апрел ойида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Акмал Бурҳонов агентлик раҳбари этиб тайинланганидан то 2023 йилгача умумий қиймати 14,6 млн сўм бўлган 8 та совға берилганини маълум қилганди.