Бугун 8 май, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Ажабо! Зерикиш фойдали экан?!

Ажабо! Зерикиш фойдали экан?!

Замонавий одамлар зерикмаслик учун ҳар доим вақтини чоғ ўтказишга интилади, зерикиш салбий ҳиссиёт сифатида тасаввур қилинади. Аммо тадқиқотлар зерикиш зарарли эмас, балки фойдали эканлигини исботлашди.

Кўпгина машҳур компаниялар ходимлари зерикмаслиги ва вақтичоғлик қилиши учун офисда шароит яратишга ҳаракат қилишади. Бошқарув нуқтаи назаридан, бу одамларнинг ҳордиқ чиқариши, кайфияти кўтарилиши ва ишга улкан иштиёқ билан қайтишига ёрдам бериши лозим. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, икки иш оралиғида  дам олиш ва вақтичоғлик қилиш стрессга чидамлиликни, ташаббускорликни ва ижодкорликни оширади. Аммо бундай ёндашувнинг тескари томони ҳам бор: баъзилар ўйинлардан кейин иш жараёнига қайтишга, диққатини жамлаш ва иш юзасидан мулоқотга киришишга қийналади.

Кўпчилик зерикишни салбий ҳиссиёт деб ўйлайди. Уни қайғу, ҳолсизлик, мотиватсия мавжуд бўлмаган жараён деб билишади. Олимлар ушбу ҳисни ўрганишга кўп ҳам эътибор бермайдилар, аммо баъзилари зерикиш мавзусини обдон ўрганишга уринган.

“Ҳаётингда нимадир узоқ вақт давомида мавжуд бўлса, уни пайқамай қўясан”, – дейди Канададаги Ёрк университети тадқиқотчиси Жон Иствуд. У биринчилардан бўлиб, шу мавзуга доир изланишлар олиб борди ва қизиқарли хулосаларга келди.

Олимнинг таъкидлашича, икки хил одамлар зерикишга мойил бўларкан. Биринчиси – импулсив, янги ҳиссиётларга ва “манзара”ни ўзгартиришга ўч одамлар. Бундай одамларга оддий ҳаёт тарзи мос келмайди, зерикишга мойил иккинчи типдаги одамлар эса деярли ҳамма нарсадан қўрқадиган кишилардир. Улар учун дунё хавфга тўла, иложи борича комфорт зонасини тарк этмайди. Натижада бундай одамлар қизиқарли таклифлар, учрашув ва саёҳатларни инкор қилади, янги лойиҳага қўл уриш ва ҳаётини ранг-баранг қилишга унамайди. Ҳамма нарсанинг олдиндан маълумлиги ва бир хил ҳаёт тарзи уларни зерикиш ва апатияга олиб келади.

Австралия миллий университети тадқиқотчилари зерикишнинг инсондаги ижодий фаолликка таъсирини ўрганиш учун тадқиқот ўтказди. Унда 100 киши иштирок этди ва улар икки гуруҳга бўлинди.

Биринчи гуруҳ ярим соат давомида икки хил ловияни рангига қараб ажратиш топшириғини олди ва буни бир қўл билан бажариши керак бўлди. Иккинчи гуруҳ ижодий вазифа олди – берилган мавзуда ловия ва елимдан фойдаланиб ватманда аппликатсия тайёрлаши керак эди. Кейин эса иккала гуруҳ иштирокчиларидан бирваракайига ижодий ғоялар олинди, мустақил экспертлар ҳар бирининг фикрини баҳолади.

Тадқиқотчилар шундай фикрга келишди: зерикиш иштирокчиларнинг самарадорлигини оширган. Биринчи гуруҳ иккичи гуруҳга нисбатан кўпроқ оригинал ғоялар айтган.

Одам зерикиш оқибатида зарарли одатларни орттириб олиши мумкин: азарт ўйинларга шўнғиши, чекиш ёки алкогол истеъмол қилишни бошлашининг эҳтимоли юқори. Бироқ бу ҳисни тўғри ишлата олсангиз, кўпроқ самарадорлик ва ижодкорликка эга бўласиз.

Ўз ҳаёт тарзингизни инобатга олиб, зерикиш учун ҳам вақт топинг!

 

 

Киритилди: 19:03 15.11.2019. Ўқилди: 3679 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!