21 март куни "Air Samarkand" авиакомпаниясининг биринчи мунтазам рейси Шарқ марвариди Самарқанд шаҳридан Истанбулга амалга оширилгани ҳақида хабар бергандик.
Биринчи босқичда рейслар ҳафтада икки марта: душанба ва пайшанба кунлари амалга оширилади. Келгусида мунтазам рейслар Тбилиси, Дубай, Жидда ва Туркиянинг бир қатор шаҳарларига амалга оширилиши режалаштирилмоқда.
Истанбул Самарқанддан муҳим ва серталаб йўналишлардан бири ҳисобланади. Туркиянинг йирик шаҳрини Ўзбекистон билан кўп асрлик маданий, тадбиркорлик ва сайёҳлик алоқалари боғлаб туради. "Air Samarkand" рейси Самарқанд ва қўшни вилоятлар аҳолисига турли йўналишларга тўғридан-тўғри саёҳат қилиш, меҳмонларга эса оралиқ манзилларни четлаб ўтиб, Самарқандга ташриф буюриш имкониятини яратади. Бу эса ўз навбатида минтақанинг сайёҳлик салоҳиятини кенгайтиради ва сайёҳлар оқимини оширади, шунингдек, савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришга ёрдам беради.