Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

7 йил аввал эллик минг сўм учун лавозимдан олинган аёл оқланди

7 йил аввал эллик минг сўм учун лавозимдан олинган аёл оқланди

Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл туманида истиқомат қилувчи Шийринхан Таумуратовага нисбатан етти йил олдин эълон қилинган суд ҳукми бекор қилинди, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.

Гап шундаки, бундан 7 йил аввал 2014 йили Шийринхан Таумуратова Қўнғирот туманидаги бир коллежда директор ўринбосари бўлиб ишларди. Шу коллеж раҳбари бир чойхонадан 148 минг сўм қарз бўлиб қолиб, бу пулни ўша кунларда ишдан бўшатилаётган психологга тўлашни буюради. Психолог аёл ҳам ишда қолиш учун дастлаб 50 минг сўм олиб келганда, директор пулни ўзи олишдан қўрқиб уни ўринбосарининг олдига юборади. Шийринхан Таумуратова 50 минг сўм нима учун эканини сўраб-суриштирмай олиб қолиб, директорга элтиб беради.

Эртаси куни психолог яна 100 минг сўм олиб директор олдига кириб бераётган жойда директор қўлга олинади, табиийки, олдинги 50 минг сўм поранинг воситачиси сифатида Шийринхан Таумуратова ҳам жиноятчилар қаторига қўшилиб қолади.

2015 йил 13 февралдаги суд ҳукми билан Шийринхан Таумуратова 2 йил мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, унга 2 йиллик шартли синов жазоси тайинланади.

Шу кунларда Оролбўйида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича ташкил қилинган оммавий қабулларда Шийринхан Таумуратова Олий суд масъулларидан қарийб 7 йил олдинги суд ҳукмини қайта кўриб, қонуний-адолатли ҳал қилиб беришларини сўради. Қорақалпоғистон Республикаси судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати бу шикоятни жиноят иши материаллари билан бирга кўриб чиқиб, Қўнғирот туман судининг 2015 йил 13 февралдаги айлов ҳукмини бекор қилди. Ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмаганлиги сабабли Шийринхан Таумуратовани айбсиз деб топиб, оқлади.

Уч кунлик оммавий қабулларда Оролбўйининг барча ҳудудидаги мурожаатчилар қамраб олинди. Ҳар бир ариза ва шикоят ҳудудлардаги масъул раҳбарлар ва мурожаатчилар иштирокида синчиклаб кўриб чиқилди.

Бу жараёнда Олий суд масъуллари кўриб чиққан 615 та мурожаатнинг 118 таси жойида ҳал қилиб берилди.

Умумлаштириб айтганда, Оролбўйида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича ташкил қилинган навбатдаги оммавий қабулларда 970 нафардан зиёд мурожаатчининг мингта масаласи кўриб чиқилди. Уларнинг 144 таси жойида ҳал этилди, 342 та мурожаат бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди, қўшимча ўрганиш талаб этиладиган 514 та масала назоратга олинди.

Киритилди: 19:19 29.05.2021. Ўқилди: 2835 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!