Лондонда яшайдиган Амелианинг онаси Жессика Кампбелл “Independent”га интервью бераркан, хайрия жамғармасига пул ўтказиб, шов-шув кўтарган қизалоғи ҳақида қизиқ воқеаларни гапириб берди.
“Ҳар куни мактабдан келаётганимизда кўчада, бурчак-бурчакларда ётадиган уйсизларни кўриб, ичи ачирди. “Улар нега уйларига боришмайди?” деб мендан сўрарди. Мен унга уларнинг яқинлари, уйлари ҳам йўқлигини айтардим, Амелиа жим бўлиб қоларди. Кейинчалик уларга овқат ташиб юрди. “Уйга олиб келсам бўладими?” деб ҳам сўради. Бироқ ундайлар жуда кўплигини, ҳаммасига ёрдам беролмаслигимизни, ҳамма нарса пулга бориб тақалишини ётиғ билан тушунтирдим, — дейди Жессика Кампбелл. — Шундан сўнг кўп ўтмай, гонорарингизни олиб кетинг, дея қизимга битта газетадан қўнғироқ қилишди. Кейин билсам, Амелиа болалар учун ҳикоялар ёзаётган ва пул йиғаётган экан”.
Эслатиб ўтамиз, Амелианинг дастлабки ҳикояси “Икки аждаҳо” деб номланган. Кичкинтой ёзувчи айни дамда 1200 фунт стерлинг йиғишга улгурди. Унинг энг яқин ёрдамчиси ва маслаҳатчиси отаси бўлиб, пуллар уйсизларга бошпана ажратадиган хайрия жамиятида йиғиляпти.