Хитой жанубидаги Гуанси-Чжуан туманида жойлашган бошланғич мактабда камида 40 киши жароҳат олди, деб хабар беради РИА Новости. Гап шундаки, ўқув муассасаси талабалари ва ходимларига эркак киши пичоқ билан ташланган.
Ҳодиса 4 июнь куни эрталаб содир бўлган. Номаълум эркак мактабга қўлида пичоқ билан югуриб кириб, болалар ва мактаб ходимларига ҳужум қила бошлаган. Натижада камида 40 киши жабрланди, улардан учтасининг аҳволи оғир: директор, қоровул ва мактаб ўқувчиси.
Ҳужум қилган шахс ушланган. У хавфсизлик компаниясининг 50 ёшли ходими эканлиги аён бўлди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари уни жиноят содир этишга ундаган сабабларни аниқлашмоқда. Тергов давом этмоқда.