2024 йилда “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” орқали аукционда сотилган энг арзон авторақам 1,7 миллион сўм, энг қиммати эса 965,3 миллион сўм бўлди. Бу ҳақда биржа масъул ходими Ҳикматулло Тиллабоев маълумот берди.
Қайд қилинишича, avtoraqam.uzex.uz савдо тизимида 195 мингдан ортиқ авторақам онлайн аукцион орқали сотилган. Уларнинг 97 фоизи жисмоний шахслар, 3 фоизи эса юридик шахслар томонидан харид қилинган. Энг арзон авторақам 1,7 миллион сўм, энг қиммати эса 965,3 миллион сўм бўлган.
2024 йил якунларига кўра, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2023 йилга нисбатан 11,8 фоизга ўсган. Жумладан, биржа савдолари 14,8 фоизга, электрон давлат харидлари 5,3 фоизга, авторақамлар онлайн аукционлари 2 бараварга, мобиль рақамларнинг сотув ҳажмлари эса 43,6 фоизга ошган.