Бугун 27 январь, 2021 йил, чоршанба

O'ZB

2020 йил ўртача ҳарорат рекордини янгилади

2020 йил ўртача ҳарорат рекордини янгилади

Европада фавқулодда илиқ қиш ва куздан сўнг 2020 йил энг иссиқ ўн йилликни якунлаган ҳолда метеорологик кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йил деб топилди.

Европа Иттифоқининг Иқлим ўзгариши хизмати (The Copernicus Climate Change Service) мутахассисларининг сўзларига кўра, 2020 йилда глобал ҳарорат саноатгача бўлган даврга қараганда Цельсий шкаласи бўйича ўртача 1,25 даража юқори бўлган. Таъкидланишича, ўтган олти йил рекорд даражадаги энг иссиқ йилга айланган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу тенденция кўплаб мамлакатлар иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш бўйича белгиланган мажбуриятларини бажармаганлиги ҳамда иқлим ўзгариши олимлар кутганидан анча тез содир бўлаётгани сабабли ривожланмоқда. Бундан ташқари, ҳарорат билан боғлиқ рекорд кўрсаткичлар деярли ҳар йили янгиланмоқда, музлар тезроқ эримоқда, шунингдек, Жаҳон океанининг сатҳи ва сувнинг кислоталиги ҳам кўтарилмоқда.

"2020 йил кузатилган фавқулодда иқлимий ҳодисалар ва Коперник иқлим ўзгаришлари хизмати маълумотлари бир сонияни ҳам йўқотмаслигимиз кераклигини кўрсатмоқда", дейди Европа Иттифоқининг Европа Комиссияси сунъий йўлдош навигация дастурлари директори Маттиас Петшке.

Маълум қилинишича, 2020 йилда Арктика ва шимолий Сибир бутун сайёрага қараганда тезроқ исишда давом этган, минтақаларнинг айрим қисмларида эса норма сифатида ишлатилган 30 йиллик ўртача кўрсаткичдан 6 даражага юқори ҳарорат қайд этилган. Шунингдек, ушбу ҳудудда "ғайриоддий фаол" ўрмон ёнғинлари ҳам кузатилган. Натижада Арктика минтақасидаги ёнғинлар атмосферага рекорд даражада 244 миллион тонна карбонат ангидрид чиқарган бўлиб, бу 2019 йилга нисбатан учдан бир қисмга кўпдир. Арктикадаги денгиз музлари ҳам камайишда давом этган, энг паст денгиз музлари майдони бутун кузатувлар тарихида ушбу ойларнинг ҳар бири учун рекорд натижага айланган июль ва октябрь ойларида қайд этилган.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, глобал исиш табиий офатлар сонининг кўпайишига ва улар томонидан етказилган зарарнинг рекорд даражасига тўлиқ мос келмоқда.

Миллий Океан ва атмосфера бошқармаси (NОАА) иқлимшуноси Адам Смитнинг айтишича, Қўшма Штатларда табиий офатлар натижасида етказилган зарар миқдори 2020 йилнинг 9 ойида 16 миллиард долларни ташкил этган ва 2011 ҳамда 2017 йилларда ўрнатилган рекорд кўрсаткичга тенг келган.

 

Киритилди: 04:30 13.01.2021. Ўқилди: 1767 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!