Бугун 25 ноябрь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Йил бошида чемпионликни режа қилган "Андижон" мураббийи раҳбариятдан истеъфо сўради

Йил бошида чемпионликни режа қилган "Андижон" мураббийи раҳбариятдан истеъфо сўради

Ўзбекистон Кубоги ярим финали доирасида «Андижон» ва «Локомотив» (0:2) жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманида андижонликлар бош мураббийи Ислом Аҳмедов иштирок этди.

— Аввало, «Локомотив» жамоасини ғалаба билан табриклайман. Ҳар бир ўйинда рақибга нисбатан кўпроқ ҳужум қиламиз, аммо вазиятларни голга айлантира олмаяпмиз. Агар шундай вазиятлардан ҳеч бўлмаганда 1-2 тасидан фойдалана олганимизда, ҳозир бундай аҳволга тушиб қолмаган бўлардик.

Футболчиларимиз яхши ҳаракат қилишди, курашишди. 70-дақиқада белгиланган пенальтини голга айлантира олганимизда, балки ғалаба қозонишимиз ҳам мумкин эди. «Локомотив»га қарши тезкор қарши ҳужумлардан фойдаланиш бўйича тайёргарлик кўргандик. Бу ўз самарасини берди ва кўплаб хавфли вазиятлар яратдик. Фақат уларни якунига етказадиган футболчиларимиз етишмаяпти.

Мағлубият учун ҳар доим мураббий айбдор бўлади. Буни тан оламан ва айбни ўз бўйнимга оламан. Лекин тўпни назорат қилиш, ҳужумларни ташкил этиш борасида вазиятлар яратяпмиз. Аммо ҳал қилувчи зарбани беришда аниқлик етишмаяпти. Қолаверса, ўзимизнинг оддий хатоларимиз эвазига гол ўтказиб юбормоқдамиз.

Ҳар бир ўйинда тўпни назорат қиляпмиз, ҳужумлар ташкил этяпмиз, аммо уларни самарали якунлай олмаяпмиз. Бунинг устида ишлаяпмиз. Бизга фақат омад етишмаяпти.

— Асосий вақтда «Андижон» жамоаси «Локомотив»га ҳеч қандай имконият бермади. Қўшимча бўлимларда эса рақибда иккита вазият бўлди ва иккаласидан ҳам гол урди. Бу ҳолат футболчиларнинг жисмоний ҳолати билан боғлиқ эмасми?

— Бир-иккита футболчимиз мажбурий равишда алмаштирилди. Йигитлар 90 дақиқа давомида бор кучларини бериб ҳаракат қилишди. Рақиб ҳам ўйинни кучайтириш мақсадида ёш футболчиларини майдонга туширди ва яратилган имкониятлардан фойдаланиб кетди.

— Захирадан майдонга тушган Имеда Ашортиянинг яна алмаштирилиши пенальтидан фойдалана олмагани билан боғлиқми ёки бошқа сабаби борми?

— Бу пенальти билан боғлиқ эмас. Бундай ҳолат ҳар кимда бўлиши мумкин. Бу, биринчи навбатда, омад ва тақдир масаласи. Ўйин юқори суръатда ўтгани учун унинг жисмоний ҳолати ҳали етарли даражада эмас эди. Машғулотларда ўзини яхши томондан кўрсатгани учун майдонга туширгандик. Бироқ босим сабаблими ёки бошқа омил таъсир қилдими, ҳаракатлари унчалик ўхшамади. Шунинг учун уни яна алмаштиришга мажбур бўлдик.

— Рустам Турдимуродов нима учун ўйин бошидан майдонга туширилмади?

— Сўнгги пайтларда Рустам асосий таркибда ўйнаётганди. Тактик жиҳатдан келиб чиқиб, уни иккинчи бўлимда ўйинни кучайтириш мақсадида майдонга туширишга қарор қилгандик.

Тўғрисини айтсам, жамоани бундай оғир вазиятда ташлаб кетишни истамагандим. Лекин ниманидир ўзгартиришимиз керак. Шунинг учун бугун раҳбариятдан истеъфога чиқишимни сўрадим.

Киритилди: Бугун 06:50. Ўқилди: 860 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар