Тошкент шаҳрида яшовчи 32 ёшли Х.Б. ички ишлар органларига мурожаат қилиб, банк картасидан 3 млн 557 минг сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан ўзлаштирилганлигини маълум қилган. Бу ҳақда Киберхавфсизлик маркази хабар берди.
Маълум қилинишича, ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур жиноятни Тошкент шаҳрида яшовчи А.А. содир этганлиги аниқланди.
Унга кўра, А.А. интернет фойдаланувчиларига Telegram мессенжери орқали ёлғон эълонлар остида сохта дастур, ҳавола жўнатган. Бу эълонга ишонган жабрланувчи Х.Б.нинг банк карта маълумотларини қўлга киритиш орқали унинг банк мобил иловасига иккинчи фойдаланувчи сифатида уланиб олган ва унинг ҳисобидаги пулларни ўзининг фойдаланувида бўлган банк картасига ўтказиб олиб, эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан А.А.га нисбатан ЖКнинг 169-моддаси (ўғрилик) 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган.