Украина президенти Владимир Зеленский 14 ноябрга ўтар кечаси мамлакат ҳудудига йирик ракета ва дрон зарбаси берилганини эълон қилди.
Президентнинг маълумотларига кўра, Россия Қуролли кучлари Украина ҳудудига тахминан 430 та учувчисиз самолёт ва 18 та ракета, шу жумладан баллистик ва аэробаллистик ракеталарни учирган. Ҳужумнинг асосий йўналиши Киев бўлган.
Зеленский шунингдек, Россия қўшинлари эрталаб Суми вилоятида “Циркон” ракетасини қўллаганини маълум қилди.
“Фақат Киевнинг ўзида ўнлаб кўп қаватли уйлар вайрон бўлган. Озарбайжон элчихонасига Искандер ракеталари зарар етказган. Киев асосий нишон бўлган, аммо Киев, Харков ва Одесса вилоятлари ҳам зарбага учраган”, — деди Украина раҳбари.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум натижасида қурбонлар бор.