Украина учун келажакдаги хавфсизлик кафолатлари комплекс бўлиши ва халқаро даражада ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиши шарт.
Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский Киевда НАТО бош котиби Марк Рютте билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, акс ҳолда уруш тугади, деб айтиш мумкин эмас:
«Бу фақат ҳарбий ёрдам билан чекланиб қолмайди. Гап Россия агрессиясининг олдини оладиган ва кенг кўламли босқин қайта такрорланишини имконсиз қиладиган узоқ муддатли тизим яратиш ҳақида кетяпти. Бундай кафолатларнинг энг муҳим таркибий қисмларидан бири — Украинанинг Европа Иттифоқига тўлақонли аъзолигидир. Айнан ЕИ узоқ муддатли истиқболда ташқи таҳдидларга қарши ишончли сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий ҳимояни таъминлайди», — деди Зеленский.