Украина тез орада АҚШга европалик ҳамкорлари билан якунланган Россия-Украина урушини тугатиш режасини юборади.
Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
"Бугун биз музокара гуруҳимиз билан бир кун аввал Лондонда европалик ҳамкорларимизнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари даражасида олиб борилган иш натижаларини муҳокама қилдик”, — дейилади хабарда.
У урушни тугатиш режасининг барча бандлари бўйича фаол иш олиб борилаётганини таъкидлади: "Украина ва Европа таклифлари деярли тўлиқ ишлаб чиқилган ва биз уларни АҚШдаги ҳамкорларимизга тақдим этишга тайёрмиз. Америка томони билан биргаликда имкон қадар самарали ва тезкор қадамлар қўйишга умид қиламиз".
Унинг қўшимча қилишича, Украина ҳақиқий тинчликдан манфаатдор ва АҚШ билан доимий алоқада.
“Яқин вақт ичида якуний ҳужжатни АҚШга жўнатишга тайёрмиз”, — дея қўшимча қилди у.