Украина президенти Владимир Зеленский Суми вилояти ҳарбий бошқармаси бошлиғи Владимир Артюхни ишдан бўшатди. Бу ҳақда «Суспилне» нашри хабар берди.
Ҳукуматнинг Олий Рададаги вакили Тарас Мелничук Украина Вазирлар Маҳкамаси Артюхни ишдан бўшатишга рози бўлганини айтди.
Россия ҳарбийлари 13 апрель куни эрталаб Суми шаҳри марказига иккита «Искандар-М» ракетаси билан зарба берди. Охирги расмий маълумотларга кўра, 35 киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлган. Эртаси куни Артюх ракета зарбаси куни шаҳарда украиналик аскарларни тақдирлаш маросими режалаштирилганини айтди. «Бу менинг ташаббусим эмас эди, мени таклиф қилишди», деди у.
Зарба содир бўлган куни Сумида ҳарбий мукофотлар топширилаётгани ҳақидаги маълумот зарбадан кейинги дастлабки соатларда баъзи украиналик сиёсатчилар томонидан тарқатилди. Суми вилоятининг Конотоп шаҳри мэри Артём Семинихин сўзларига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари Суми марказида бундай тадбирни ким уюштирганини аниқлаш учун текширув бошлаган.
14 апрель куни тушдан кейин Россия Мудофаа вазирлиги зарбадан мақсад Северск оператив-тактик гуруҳи қўмондонлик штабининг йиғилиши бўлгани ва бунинг оқибатида Украина Қуролли кучларининг 60 дан ортиқ ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.