Бугун 27 август, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Зеленский Илон Маскни «Озодлик» ордени билан тақдирлади

Зеленский Илон Маскни «Озодлик» ордени билан тақдирлади
Украина президенти Владимир Зеленский SpaceX ва Tesla компаниялари раҳбари, америкалик тадбиркор Илон Маскни «Озодлик» ордени билан тақдирлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжат Украина президентининг расмий сайтида эълон қилинди. Фармонга кўра, Маск «инсонлар ҳаёти ва эркинлигини ҳимоя қилишдаги улкан шахсий хизматлари ҳамда Украина ва Америка Қўшма Штатлари халқлари ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» мукофотланган. Бу қарор Киевнинг Маскни Starlink тармоғидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга кўндиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари фонида қабул қилинди, деб ёзади Politico. «Озодлик» ордени Украинанинг 2008 йилда таъсис этилган олий давлат мукофотиларидан бири саналади. Ундан фақат «Украина Қаҳрамони» унвони ҳамда катта уруш бошланганидан кейин таъсис этилган Жанговар хизматлари учун хочи юқори туради. Ушбу орден билан Украина фуқаролари ва хорижликлар мамлакат суверенитети ҳамда мустақиллигини мустаҳкамлаш, демократияни ривожлантириш, ислоҳотларни амалга ошириш, шунингдек, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги алоҳида хизматлари учун тақдирланади. Маскнинг Starlink сунъий йўлдош интернет хизмати Россиянинг 2022 йилдаги кенг кўламли босқини бошланганидан буён Украина кучларига алоқани сақлаб туриш ва ҳарбий ҳаракатларни мувофиқлаштиришда ёрдам бериб келмоқда. 2026 йил февраль ойида SpaceX Россия кучлари томонидан фойдаланилган минглаб Starlink терминалларини ўчириб қўйиб, уларнинг ҳарбий имкониятларини заифлаштирганди.
Киритилди: 16:09 26.08.2026. Ўқилди: 738 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!