Бугун 21 ноябрь, 2026 йил, шанба

O'ZB

Зарафшонликларни қийнаётган муаммо

A A A
Зарафшонликларни қийнаётган муаммо

Депутатларнинг Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри аҳолиси билан мулоқотларида ҳам долзарб масалалар ўртага ташланган эди. Шаҳар ҳудудидаги чиқиндилар ўз вақтида олиб кетилмаётгани, бунинг натижасида атроф ифлосланаётгани ана шулардан биридир.

Шаҳар марказий чиқиндихона ҳолати депутатлар томонидан таҳлил этилганда, чиқиндилар кўмилмаётгани натижасида полиэтилен чиқиндилар шамол орқали 2 километрликдан ортиқ радиусда ҳудудларга ёйилиб кетиши туфайли атроф-муҳит ифлосланаётгани маълум бўлди.

Аниқланишича, чиқиндиларни саралаш ёки қайта ишлаш йўлга қўйилмаган, чиқиндихонага олиб борувчи йўлнинг атрофида ноқонуний чиқиндихоналар вужудга келган. Ушбу салбий ҳолатлар Роҳат ҳамда Янги Зарафшон посёлкаларида истиқомат қилаётган аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Зарафшон шаҳар “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси билан шартнома тузган аҳоли ва юридик шахслардан ўз вақтида тўловлар ундирилишига қарамасдан, чиқиндилар ўз вақтида олиб чиқиб кетилмаяпти. Бунинг асосий сабаби ишчилар сони ҳамда техника етишмаслигидир. Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонуннинг 15-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисига Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳридаги “Тоза ҳудуд” ДУКни етарлича техника ҳамда ишчи-ходимлар билан таъминлаш, корхонага тегишли шарт-шароитларни яратиб бериш, хизмат кўрсатиш қамровини кенгайтириш, марказий чиқиндихонани талаб даражасига келтириш, чиқиндиларни қайта ишлаш ва ноқонуний чиқиндихоналарни бартараф этиш юзасидан амалга оширилиши режалаштирилган ишлар хусусида асослантирилган ёзма маълумот беришини сўраб, депутатлик сўрови юборилди.

Айни пайтда ушбу сўровларга жавоблар кутилмоқда.

Manba: xs.uz

Киритилди: 01:37 16.05.2018. Ўқилди: 1565 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда