Бугун 11 май, 2024 йил, шанба

O'ZB

Юрагимда унган гулим – она тилим

Юрагимда унган гулим – она тилим

Она тилини севмаган, сўзларига маҳлиё бўлмаган, ҳайратланмаган шоир шоирми?

Тонгда шудринг ювган майсалардек пок, дуога қўл чўзган тераклар мисол савлатли, ўзбекнинг ўзидек қадимий тилим. Бугун сен билан тиллашгим келди. Мадҳингга ашъор битган шоирларнинг тантилигидан сўз очгим келди.

Сен қатрасига қуёш жойлаган қайноқ тилимсан. Донишманд халқим заковатини ҳар бандига қўшиб «ирсоли масала»га айлантирган Лутфий тилисан. Ўша олис тарихларда Навоий бобом эъзоз этиб кўкларга кўтарган қутлуғ тилсан.

Атойининг «айбғинаси бор» қофиясида ўз жозибасини кўрсата олган сеҳргарсан.

Бобур Мирзо юртидан бадарға бўлаганида унга сўнгги нафас қадар ҳамроҳ бўлган садоқатли дўстсан.

Машраб нолаларини асрлардан олиб ўтганим, Яссавий ҳикматларида жаҳон кезганим, Нодирабегим, Увайсийлар тилида алла бўлиб жаранглаганим, миллат оналарининг забонисан.

Абдулла Қодирий муҳаббатнинг ўтли торларини сен орқали кўрсатиб берган бўлса, Ғафур Ғулом ҳеч қайси миллатда топилмайдиган соф ўзбекона ҳазилларини сенинг ёрдамингда ифодалаб бера олди.

Чўлпон юрагида гул бўлиб ундинг, Ойбек тилдан қолганида қалбида туриб сўзладинг.

20-аср – мустамлака асри бўлгани ҳеч бир ўзбекка сир эмас. Миллатнинг ўзлигини йўқотиш учун унинг тилини йўқотиш кераклиги ҳам барчага аён ҳақиқат. Собиқ Иттифоқ қилич қайраган дамларда ҳам куйлай олган ўзбек шоирларига тасанно. Беихтиёр туйғуларимни шеърда ифодалагим келди.

Шайхзодадек закий шоир сенда битди дурдоналар,
Миртемирдек даҳоларинг бўлди минг бор парвоналар,
Томиримда оққан қоним тирикликдан нишоналар,
Мен қуёшман, сен туфайли заминда бир парчамасман,
Сен онамнинг тилидирсан, сени тилдан ташламасман.

Баҳор чоғи ҳайқириб тошаётган дарёлар арслон янглиғ ариллагандек, қорли тоғлар жилоси чўпонларнинг қамиш байтида акс этгандек, чилдирманинг дариллашида Гўрўғлининг алп сиймоси кўрингандек, Алпомишнинг даъвосидан туғилгандек туюладиган она тилим. Миртемир бобом сенга шундай гўзал таъриф берган. «Она тилим» шеърини ўқир эканман, кўз олдимдан ёвқур боболарим, ҳар сўзига мақол қўшиб гапира оладиган заргар момоларим тимсоли ўтаверади. Негадир ўзбекнинг асов тулпорлари ҳам ўзбекча сўзлаб кетади. Рауф Парфининг «Она тилим» шеърини ўқиганимда эса, кўз олдимга дунёларни тирилтиришга қодир Сўз келади. Жуда қадим тарихга бориб тақаладиган тилимизни олтин далаларига, ўзбек тилида алла айтиб сочқи сочаётган офтобга ўхшатади.

Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов она тилимизни уч дарёдан сув ичган денгизга қиёслайди.

Муҳаммад Юсуф – ўзбекнинг эрка шоири. «Она тилим» деб шеър ёзганида ҳам эркаланиб ёзади. Унга етарли даражада хизмат қила олмагани учун кечирим сўрайди, она тилиси қайтган кунини ўзининг туғилган йили деб ҳисоблайди, демак, қолган умри саробдек кечганини тан олади.

«Она тилим» деб шеър ёзган яна бир шоир Маҳмуд Тоир миллат тилини таърифлар экан, унинг қадрини қайроққа, ёр таърифини қаймоққа, ёв юрагига титроқ солган сўзларни Алпомиш белидаги белбоққа қиёслайди.

Мустақиллик даврида ижод қилаётган шоирларга ҳавасим келади. Она тилим деганида ўпкаси тўлмаса, Она тилида шеър ёзса юракларни титратиб юбормаса, ёзганидан ўзи ҳам, ўзга ҳам ҳайратланмаса, шоир шоирми? Азим Суюн «Она тилиси йўқ халқ – чироғи ўчиқ халқ», дейди. Дарҳақиқат, тил миллатнинг миллатлигини белгилаб берадиган кўзгу. Она халқим, ҳеч қачон чироғинг ўчмасин.

Салходжаева Феруза Баҳодировна.

Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек туманидаги
248-мактабнинг она тили ва адабиёт ўқитувчиси.

Киритилди: 21:10 18.10.2019. Ўқилди: 4934 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!