Ёшларга имтиёзли кредитлар ажратилади. Бу борада Президентнинг ПҚ–210-сон қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, АТ «Алоқабанк» томонидан «Ёшлар бизнеси» дастури доирасида 31 ёшга тўлмаганларга асосий қарздан 1 йилгача, фоиз тўловларидан 3 ойгача имтиёзли давр билан 7 йилгача кредитлар Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада ажратилади.
Бунда суғурта полиси таъминоти ёки 3-шахс кафиллиги асосида 100 млн сўмгача имтиёзли микроқарзларни қуйидаги лойиҳалар бўйича ажратиш:
- ёшларнинг хорижий тил ва рақамли технологияларни ўрганиши ҳамда замонавий касб-ҳунарни эгаллаши бўйича ўқиш харажатларини молиялаштириш учун – 20 млн сўмгача;
- замонавий касблар, шу жумладан, ижтимоий тармоқлар маркетинги, мобилография, фрилансерлик, интернет (онлайн) дўконлар ташкил этиш ва ўзини ўзи банд қилиш фаолият турига мос лойиҳалар учун – 50 млн сўмгача;
- касаначилик, тўқимачилик маҳсулотларини тайёрлаш, тикувчилик ва бошқа маҳсулотларни иккиламчи қайта ишлаш ва (ёки) сотиш, улардан янги маҳсулотлар тайёрлаш лойиҳалари учун – 50 млн сўмгача;
- новвойчилик ва ширинликлар тайёрлаш ҳамда сотиш лойиҳаларга – 100 млн сўмгача имтиёзли микроқарзлар ажратиш режа қилинмоқда.