Бугун 3 июнь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Ёшлар лойиҳаларига 100 млн сўмгача маблағ ажратилади

Ёшлар лойиҳаларига 100 млн сўмгача маблағ ажратилади

Ўзбекистонда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш мақсадида янги молиялаштириш дастури жорий этилади. Унга кўра, 31 ёшга тўлмаган фуқароларнинг бизнес ташаббусларига 100 млн сўмгача маблағ ажратилади.

Президентнинг “Тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали ёшлар бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга мувофиқ, АТ «Алоқабанк» томонидан «Ёшлар бизнеси» дастури доирасида 31 ёшга тўлмаган фуқароларнинг тадбиркорлик ташаббусларини молиялаштириш механизми йўлга қўйилади. Маблағлар 7 йилгача муддатга, асосий қарз бўйича 1 йилгача ва фоиз тўловлари бўйича 3 ойгача имтиёзли давр билан ажратилади.

Дастур доирасида суғурта полиси ёки учинчи шахс кафиллиги асосида турли йўналишларда маблағ олиш мумкин бўлади.

Жумладан, хорижий тиллар, рақамли технологиялар ва замонавий касб-ҳунарларни ўрганиш харажатларини қоплаш учун 20 млн сўмгача маблағ ажратилади.

Ижтимоий тармоқлар маркетинги, мобилография, фриланс, онлайн дўконлар ташкил этиш ва ўзини ўзи банд қилишга қаратилган лойиҳалар учун эса 50 млн сўмгача маблағ бериш кўзда тутилган.

Шунингдек, касаначилик, тикувчилик, тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш билан боғлиқ лойиҳалар ҳам 50 млн сўмгача молиялаштирилади.

Новвойчилик ва қандолатчилик маҳсулотларини тайёрлаш ҳамда сотишга ихтисослашган лойиҳалар учун энг юқори миқдор — 100 млн сўмгача маблағ ажратилиши белгиланган.

Киритилди: Бугун 13:39. Ўқилди: 155 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!