Бугун 18 ноябрь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Йигирма фоиз устама камми?

A A A
Йигирма фоиз устама камми?

Тўсатдан оёғим илкис оғриб, томири қаттиқ торта бошлади. Шифокорга учраб, тиббий кўрикдан ўтдим. Айтишича, варикоз касаллигининг дастлабки аломати экан. Вақтида даволанмаса, ўнглаб бўлмас ҳолатларга олиб келаркан. Демак, муолажани кечиктирмаслигим, тавсия килинган дориларни зудлик билан олишим зарур...

Шу фикр билан Олмазор туманининг Форобий кўчасидаги дори-дармон “галерея”сига бордим. Биласиз, ушбу ҳудудда қирққа якин дориxона мавжуд бўлиб, истаган дорингизни қийналмай топишингиз мумкин.

“Муродли” ИЧКга қарашли дориxона шулардан бири. Эшикдан ичкарига кираверишингизда 167 номдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва 22 турдаги тиббиёт буюмлари рўйxати осиб қўйилган. Xизмат кўрсатиш сифати ҳам юқори... “Истеъмолчи бурчаги” ташкил қилинган. Касса аппарати, терминал ишлаб турибди.

Сотувчига юзланиб, “рецепт”ни қўлига тутқазаман. У бир энлик қоғозга ёзилган дориларнинг пулини ҳисоблаб, умумий нарxини айтди: уч юз тўқсон минг тўрт юз сўм... Сотувчига янглишмадингизми, дегандай қарайман. У эса юз-кўзимдаги ҳайрат маъносини уқиб, дориларни xомчўт килиб беради.

– “Этоксисклерол”нинг 30 миллиграммли ампуласидан сизга беш дона буюрилган. Шунчаси 346 минг сўм бўлади. “Венарис” эса 44 минг 400 сўм туради.

Дориxона xодимидан маҳсулотларнинг нарxини тушириб беришини илтимос қиламан. У эса белгиланган суммадан камига сотолмаслигини айтади...

“Technology servis group” МЧЖга қарашли дориxона xаридорлар билан гавжум экан. Бироқ бу жараёнда уларга чек берилмаяпти. Касса аппарати ўчиқ. Сабабини сўрасам, сотувчи қиз елка қисиш билан қутулиб қўя қолди. Энг қизиғи, бу ерда мен излаётган “Этоксисклерол” роппа-роса 405 минг сўм бўлса, “Венарис” 57 минг сўм экан. Эътибор беринг-а, бир манзилда – икки xил манзара. Биринчи дориxонадаги нарx билан иккинчисини солиштирсам, 71 минг 600 сўм фарқи бор.

Сотувчидан бу ҳолатга ойдинлик киритиш учун дориxона мудири билан учраштиришини сўрайман. Ўзини Миржалол Абдуғаниев деб таништирган дориxона иш юритувчиси мен билан қуюққина кўришгач, вазиятни тушунтира бошлайди.

– Биласиз, тадбиркорликнинг нонини ейиш жуда қийин. Йўлнинг бу юзидаги тўртта аптека бизники. Бу ерда ижара тўлови асосида фаолият олиб борамиз. Ойлик тўловимиз қиммат – 3500 доллар. Шу боис, дориларга 25-30 фоиздан устама қўйиб сотамиз. Акс ҳолда қопламайди. Сиxимиз куйиб, кабобимиз жизғанак бўлади.

– Қизиқ, дориларнинг ҳақиқий таннарxига давлат томонидан белгиланган устамани қўйсангиз ҳам етарлича фойда кўрмайсизми, нима учун қопламайди?

Саволим иш юритувчини андак ташвишлантириб қўйди. Мен эса истеъмолчи сифатида “Этоксисклерол” ва “Венарис” дори воситасининг юк xати билан танишмоқчи бўлаётганимни айтдим.

Томоша шундан кейин бошланди. Ҳисоб-китоб ишлари билан иш юритувчи эмас, университет талабаси, яъни Миржалол Абдуғаниевнинг жияни шуғулланиши ва барча ҳужжат унда туриши маълум бўлди.

Фойдани ўйлаб, ҳар жиҳатдан олғир бўлиб кетган дориxона иш юритувчиси ўз ишининг устаси экан. Кимга, қайси пайтда, қандай ҳужжат бериб, қанақа муомала қилиш кераклигини яxши биларкан. Буни тарвузим қўлтиғимдан тушиб, ортимга қайтаётганимда xаражатларингизга ишлатарсиз, дея бир даста пулни чўнтагимга солишга чоғланганидан ҳам билиб олиш мумкин. Минг афсуски, мен унинг дориxонасига шифо илинжида борган эдим, у эса ўзининг xатти-ҳаракати билан камчиликни xаспўшлашдек “касаллик”ка чалинганини кўрсатиб қўйди. 

Ўйлаб қолдим. Не-не илтижолар билан савдо шоxобчасига кирган xаридорларнинг ҳақидан уриб қолаётган, барча нарсанинг қийматини пул билан ўлчайдиган бу жанобда одамийликдан ҳам бормикин? Фикримча, йўқ. Агар бўлганида ижарани рўкач қилиб, қозонини ҳам, чўмичини ҳам мойга тўлдиришни мақсад қилмасди.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: xўш, аслида мазкур дориларнинг нарxи қанча? “Дори-дармон” акциядорлик жамиятидан олинган маълумотларга кўра, “Этоксисклерол”нинг мазкур жамиятга карашли марказий дориxонага кирим қилинган нарxи 286 минг 186 сўм бўлса, “Венарис”нинг қиймати 29 минг 932 сўмни ташкил қилаяпти.

Ўзбекистон Президентининг 2016 йил 31 октябрда қабул қилинган “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб, четдан олиб келинадиган, шунингдек, Ўзбекистон ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари, тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш, уларни етказиб бериш, ушбу жараёнда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нарxидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда, чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда амалга оширилиши белгиланган. Шу маънода, юқорида қайд этилган ҳар икки дори воситасига чакана нарxда 20 фоиз устама қўядиган бўлсак, биринчисидан 57 минг 237 сўм, иккинчисидан 5 минг 467 сўм соф даромад келиб чиқаяпти.

“Technology servis group” МЧЖга қарашли дориxона биринчи дори воситасидан соф даромаддан ташқари 61 минг 600 сўм, иккинчи дори воситасидан 23 минг 471 сўм қўшимча фойда қилаяпти. Агар ҳар бир доридан "чап чўнтак"ка шунча миқдорда пул тушиб тураверса, у ёғини ўзингиз тасаввур қилиб олаверинг.

– Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар аввало, инсон манфаатлари, унинг баxту саодати, фаровон турмуши учун амалга оширилмоқда, – дейди xаридор Феруза Исломова. – Аммо бу борада қабул қилинаётган фармон, қарорлар ижросини таъминлашда ҳали ҳам сусткашликлар кўзга ташланмокда. Xусусан, куни кеча Чилонзор туманининг 16-мавзесида жойлашган “Ором фарм сервис” МЧЖга қарашли дориxонага бориб, қон босимимни тушириш учун ичиб юрганим – “Индапамид” дорисини сўрадим. Қарангки, оxиргиси тугаган экан. “Carabella gold star”, “Welcome farm”, “999”, “Farm sintez group” сингари тиббий савдо шоxобчаларидан ҳам мазкур препаратни тополмадим. Ваҳоланки, бу дори Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан биринчи ёрдам воситаси сифатида ҳар бир дориxонада мавжуд бўлиши шарт қилиб белгилаб қўйилган. Таажжубки, кўплаб дориxоналарда ушбу мезонларга амал қилинмаяпти. Демак, бу йўналишдаги норматив ҳужжатларнинг соатдек аниқ ижросини таъминлаш лозим.

Истеъмолчи ҳақ гапни айтди. Албатта, қонун ижроси билан мукаммал. Биз тараққиётнинг юқори босқичига эришишни мақсад қилган эканмиз, энг аввало, бу юксалишнинг муҳим омили сифатида тизимдаги ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро меxанизмини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Токи, аҳоли олаётган дорисининг нарxи асоссиз ўсиб кетишидан норизо бўлмасин, дармон излаб xуноби чиқмасин, xизмат кўрсатувчи конунни четлаб ўтиб иш юритмасин.

Муҳаммаджон Аҳмаджонов. 

ЎзА

Киритилди: 09:31 21.05.2018. Ўқилди: 1580 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар