Бугун 24 ноябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Яхшисини ошириб, ёмонини яшириб яшашдан ким манфаатдор?

A A A
Яхшисини ошириб, ёмонини яшириб яшашдан ким манфаатдор?

Ёхуд бепарволик ва лоқайдликнинг нохуш оқибатлари хусусида.

Халқ билан давлат ўртасида ишончли кўприк бўлиш — одамларнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашларига, аввало, кимлар масъул? “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган ҳаётий ғоянинг изчил амалга оширилишини таъминлашда нима муҳим?!

Бугун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари халқ билан давлат ўртасида фидойи, кайвони бўлиб, халқ дардини билиб, шифосини айтиб туриши керакми ёки йўқми? Табиийки, ушбу тузилма фаоллари аҳоли ҳаёти, турмуш даражасини, ҳудуддаги вазиятни, оилалардаги муҳитни, қўйингки, ҳар бир инсонни ўйлантираётган муаммоларни беш қўлдек билишлари лозим.

Аммо кундалик ҳаётимизда аслида ҳам шундаймикин? Айни пайтда маҳаллалар одамларнинг қувончу ташвишига шерик бўлишга ҳаракат қиляптими? Ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, умуман, маҳалладошларини қийнаётган масалаларни ҳал этишда нималарни қойиллатмоқда?!

Келинг, яхшиси ўзимизни, сизни ҳам қийнамасдан шу каби саволларга жавобни пойтахтимизнинг Сергели туманидаги “Қипчоқ” маҳалла фуқаролар йиғини фаолияти мисолида излаб кўрайлик.

Айни пайтда 4 минг 300 нафардан ортиқ аҳолига эга мазкур маҳаллани “намунали”, дейишса, буни қабул қилиш мушкул. Сабаби, бу ерда узоқ йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар қалашиб ётибди. Маҳалладаги 14 та кўп қаватли тураржой ҳамда 98 та ер участкасида 1236 та хонадон кун кечиряпти. Афсуски, уларни ҳузур қилиб яшаяптилар, дея олмаймиз.

Кўп қаватли уйларнинг тўққизтасида вазият ниҳоятда ачинарли. Томларни ёпиш, йўлакларни таъмирлаш, лотокларни тозалаш ва янгисига алмаштириш, ички йўлларни асфальт қилиш, тўпланиб қолган чиқиндиларни белгиланган жойларга олиб чиқиб кетиш ҳамда бошқа ишлар ўлда-жўлда. Болалар майдончалари хусусида айтмаса ҳам бўлар. Болакайларнинг ҳафсаласи пир. Катталар эса уларни эшитмаяпти.

— Уйимиз олдида болалар майдончаси йўқ, бу бўйича тегишли идораларга бир неча маротаба мурожаат билан чиқдик, — дейди 14-уйда истиқомат қилувчи Раъно Миртожиева. — Лекин арзимиз ижобий ҳал бўлмаяпти. Қаранг-а, соғлом авлодни тарбиялаш ҳақида радио-телевидение орқали гапирганимиз гапирган, газеталарда сўз айтиб тинмаймиз. Гўёки, барча эътироз тўғри, дейди-ю, яшаш манзилига келганда юзини ўгириб кетади. Ахир фарзандларимизни спортга жалб қилиш, жисмонан бақувват бўлиб улғайишида ҳар битта майдончанинг аҳамияти каттагина-ку!

Маҳалла аҳолиси бу ҳолдан хафа, албатта. Ҳудуддаги кўп қаватли уйлар олдидаги айрим болалар майдончаси номигагина ташкил этилган, баъзиларидаги аҳвол кишини ташвишга солади. Ҳатто қайсидир майдонча ўрнига ўзбошимчалик билан автотураргоҳ қурилганини кўриб, ёқа ушлайсан киши. Бундай бефарқликни изоҳлолмай қийналасан. Мавжуд манзарадан маҳалла фаоллари, қолаверса, тегишли ташкилотлар хабардор-у, аммо мутлақо лоқайд эканликларидан ранжийсан.

Аҳолини қийнаб келаётган муаммо фақат шугина эмас — ка-на-ли-за-ция! Айниқса, 9-уй ертўласига кирсангиз бас, нафас бўғилади. Совуқ сув қувурларининг чириб, яроқсиз аҳволга келиб қолгани туфайли қарийб 20 сантиметр баландликда сув босган, бижғиган оқовадаги ҳашаротлар, кечирасиз — антисанитария...

— Мана бу қувурлардан фойдаланилаётганига салкам 40 йил бўлди, — дейди ушбу уйга бириктирилган “Файзобод-1” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Аловуддин Шарофиддинов. — Уни таъмирлашга ҳаракат қиляпмиз. Лекин “Эскисини таъмирлагунча, эсинг кетади”, деганларидек, уларни алмаштириш чораларини кўриш керак. Шу йил сентябрь ойига қадар 9, 13 ҳамда 17-уйнинг том қисми ёпилиб, канализация тизимлари, совуқ сув, иссиқ сув йўналишлари тизими яхшиланади.

— Ертўлада сувнинг тўпланиши атрофга нафақат бадбўй ҳид тарқатади, балки аҳоли саломатлигига ҳам зиён, — дейди 9-уйда яшовчи Дилафруз Эшқобилова. — Буни бошига тушганлар яхшироқ билади. Устига-устак, болалар майдончаси ҳам йўқ, йўлакларимиз таъмирталаб. Ҳозир кўплаб уйлар темир эшикларига домофон ўрнатилмоқда. Бу ҳам давр, ҳам “хавфсиз шаҳар” талабларидан бири. Мана шу жиҳатлар бизнинг уйимизга нисбатан ҳам эътиборга олинса, айни муддао бўларди.

Маҳалла ҳудудини айлансангиз, муаммолар тўпланиб, тошдевор ҳосил қилгандек туюлади. Мисол учун, айрим уйлар атрофи чиқиндихона. Ахлат уюми сочилиб ётибди. Шундай жойнинг устидан чиқсангиз, ниқоб қидириб қолишингиз ҳеч гап эмас.

— Ҳудудни тоза сақлаш маҳалла фаоллари, уй бошлиқларининг асосий вазифаларидан бири, — дейди “Қипчоқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Эркин Турсунбоев. — Атрофда чиқиндилар уюми пайдо бўлдими, бунда бизнинг ҳам айбимиз бор. Ҳар доим маҳаллани айланиб, дуч келган жойни ахлатхона қилмаслик бўйича тушунтириш ишларини олиб борамиз. Бироқ бунга кимдир риоя қилади, яна кимдир эса йўқ. Аҳоли сони кўп бўлган ушбу маҳаллада, бор-йўғи, учтагина чиқиндихона мавжудлиги ҳам мана шундай хунук манзарани “чизиб” беряпти.

Аслида, озодалик, айниқса, яшаб турган жойини тоза сақлаш инсонга хос фазилат. Борди-ю, акси бўлса, унинг қиёсини келтиришга ҳожат йўқ. Зотан, поклик, озодалик — фуқароларнинг шаъни, маданиятининг даражасини белгилайди.

— Маҳалладаги ободончилик ишларига фуқаролар йиғини билан бирга, тегишли ташкилотлар, хусусан, “Махсустранс” давлат унитар корхонаси, қолаверса, одамларнинг ўзлари ҳам масъул бўлишлари керак, — дейди Республика ишчи гуруҳи аъзоси, Навоий вилоятидан жалб этилган Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими, капитан Олим Жабборов. — “Бу иш меникимас, сеники” қабилида иш тутилса, маҳаллани обод қилиш қийин. Шу ҳудудда яшовчи ҳар бир одам унинг тозалигига жиддий эътибор қаратса, шунга яраша масъул идоралар томонидан вазифалар сидқидилдан, виждонан бажарилса, бу борадаги муаммолар барҳам топади. Жорий йил июнь ойидан шу маҳалладаги, хонадонлардаги аҳволни ўрганиб, пойтахтимиз маҳаллаларида ҳали ҳал этилиши лозим бўлган масалалар кўплигини кўрдим. Эндиликда қилинадиган ишлар аниқ бўлиши зарур. Тегишли ташкилотлар, масъул идоралар, маҳалла фаоллари ва аҳоли биргаликда бу бўйича саъй-ҳаракатлар олиб бормаса, мақсадга эришиш даргумон.

Ҳақ гап. Аҳоли, айниқса, ёшларни озодаликка ўргатиш, чиқиндиларни белгиланган жойларга ташлаш кўникмаларини шакллантиришга ҳам, таассуфки, зарурат бор.

Узоқ йиллардан буён ҳовли-жойларда яшовчи фуқароларни канализация тизими мавжуд эмаслиги қийнаб келади. Ички йўллар ҳам ўнқир-чўнқир. Маҳалла аҳолисининг айтишича, кўп марта тегишли ташкилотларга мурожаатлар йўлланган, бироқ фойдаси бўлмаган.

Кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш, аҳоли пунктларини обод масканларга айлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишининг ўтказилиши, қишлоғу маҳаллаларда йиғилиб қолган ана шундай муаммоларни бартараф қилиш, аҳолини йиллар давомида ташвишга солиб келаётган масалаларга ечим топиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилгани бежиз эмас.

Умуман, ислоҳотларнинг энг муҳимларидан бири бўлган ушбу дастурларнинг амалга оширилиши аҳоли турмушидаги муаммоларни ҳал этиш ва ҳаёт сифатини яхшилашга хизмат қилади. Қипчоқ маҳалласи ҳам ана шу лойиҳа доирасида янада обод бўлишига, албатта, ишонамиз. Лекин мансабдорлар ҳам, фуқаролар ҳам бир-бирларини эшитиб, иккала томон ҳам ўз масъулиятларини англаб, қонун-қоидани, ахлоқ ва маданий қадриятларни қадрлаб, хайрихоҳликда ва ҳамкорликда иш юритса, таъбир жоиз бўлса, “Олам — гулистон!” Зеро, қарс икки қўлдан чиқади. Инсонга, ким бўлишидан қатъи назар, авваламбор, инсоф берсин.

Manba: xs.uz

Киритилди: 12:38 28.06.2018. Ўқилди: 1532 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар